Олис ҳудудлар ҳам вилоят сектор раҳбарларининг эътиборидан четда эмас...
Бугун, вилоят 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев ҳамда 4-сектор раҳбари Давлат Солиқ бошқармаси бошлиғи Шерзод Ашуровлар биргаликда Бухоро вилоятининг энг чекка ҳудудлари Ғиждувон туманига қарашли “Оғитма” ҳамда Шофиркон туманига қарашли “Чуруқ” овулларига бориб, Қизилқумга туташ кенгликларда истиқомат қилаётган фуқароларнинг яшаш шароити, кайфияти, ўй-ташвишлари, орзу-интилишлари, уларни қийнаб келаётган муаммолар ва аҳоли пунктидаги ижтимоий масалаларни ўргандилар.
Мазкур овуллардаги Қишлоқ врачлик пункти, Ижтимоий дорихона, мактаб ва мактабгача таълим ташкилоти фаолияти, мазкур ижтимоий объектлардаги муаммолар бирма-бир ўрганилиб, аниқланган муаммолар юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.
Ташриф давомида мутасадди раҳбарлар ушбу аҳоли масканларидаги “Темир дафтар”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарига киритилган фуқаролар билан суҳбатда бўлиб, уларнинг яшаш шароитлари, яратиб берилган имкониятлар билан яқиндан танишиб, уларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор уй жиҳозларини совға қилдилар.
Чўл кенглигида жойлашган овуллар фуқароларини иш билан таъминлашда катта аҳамият касб этувчи тадбиркорлик субъектлари, корхона ва ташкилотларнинг ҳам фаолияти кўздан кечирилиб, ушбу корхоналар фаолиятини кенгайтириш, қўшимча иш ўринларини яратиш борасида ҳам амалий ишлар қилиш юзасидан келишиб олинди.