6 Июл 2021 йил 861

Олот туманида содир бўлган мудҳиш қотиллик жинояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев томонидан кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди.

2021 йил 4 июль куни Олот тумани Усмоншайх маҳалласида яшовчи, 1958 йилда туғилган нафақадаги 63 ёшли Т.Ҳ. исмли шахс, 1963 йилда туғилган ўзининг синглиси 58 ёшли Т. Р. билан ер жой талашиши оқибатида келиб чиққан жанжал вақтида синглисининг кўкрак қафаси ҳамда бел соҳасига ошхона пичоғи билан уриб, тан жароҳати етказган.

Натижада, Т.Р. олган тан жароҳатидан воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Олот тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро Т.Ҳ. иш бўйича гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Жорий йилнинг 6 июль куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев туман ҳокими ва сектор раҳбарлари, мутасадди идоралар масъуллари, маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари, ушбу маҳалланинг қишлоқ ва кўча вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида жиноят содир этилган “Усмоншайх” маҳалласида мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, маҳалла ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар, профилактик тадбирларни жойига чиқиб ўрганиб, жиноят муҳокамасини ўтказди.

Муҳокама жараёнида маҳалла мутасаддилари ва ҳуқуқ тартибот маскани профилактика инспекторининг маҳаллада ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни барвақт олдини олиш борасида амалга ошираётган профилактик тадбирлари ва уларнинг натижалари юзасидан ҳисоботлари тингланиб, масъуллардан мазкур жиноятнинг сабаблари ва унинг келиб чиқишига омил бўлган шарт-шароитлар юзасидан фикрлар эшитилди.

Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан ушбу маҳаллада жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида маҳалла мутасаддилари, профилактика инспектори, туман Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими мутасаддилари ва ички ишлар бўлими томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар танқидий муҳокама қилиниб, мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари бирма бир таҳлил қилинди.

Муҳокама якунида полковник Шухрат Алиев томонидан ушбу маҳаллада, шунингдек, туманнинг қолган барча маҳаллаларида мазкур мудҳиш жиноятнинг муҳокамасини ўтказиш, бу каби оғир турдаги жиноятларнинг олдини олиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида чора-тадбирлар белгилаб, маҳаллабай, оилабай ва хонадонбай иш тартибини жорий қилиш, “Хавфсиз хонадон” ва “Хавфсиз ҳовли” тизими бўйича кенг кўламли профилактик тадбирларни амалга ошириш борасида туман сектор раҳбарлари, тааллуқли идоралар ҳамда маҳалла масъулларига аниқ ва манзилли топшириқлар бериб, бунда кенг жамоатчилик билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш, маҳалла фаоллари, қишлоқ ва кўча вакиллари, нуроний отахон ва онахонларни жалб этиш лозимлиги уқтирилди.

Text to speech