Олотда содир бўлган ўғирлик жинояти криминалистик тадқиқот натижасида фош этилди
Олот тумани Ички ишлар бўлимига туманнинг Бўстон МФЙда яшовчи, 1979 йилда туғилган О.Б. ариза билан мурожаат қилиб, жорий йилнинг 27 октябрь кунидан 1 ноябрь кунига қадар бўлган вақт оралиғида номаьлум шахс унинг уйига ғайриқонуний равишда кириб, ётоқхонасидаги сандиқ ичида бўлган шиша идишда сақлаб келаётган 1.200 (бир минг икки юз) АҚШ доллари миқдоридаги пулларини яширин равишда ўғирлаб кетганлигини маълум қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси (ўғирлик) 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Гап шундаки, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш тергов ҳаракатлари давомида, тергов-тезкор гуруҳи томонидан номаълум шахсга тегишли бўлган қўл бармоқ излари олинган эди.
Ҳодиса содир бўлган жойдан олинган номаълум шахсга тегишли бўлган қўл бармоқ излари юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси Эксперт криминалистика бўлими томонидан мавжуд замонавий техникалардан самарали фойдаланган ҳолда, СОНДА “Автоматлаштирилган дактилоскопик идентификацион тизим” орқали текширилиб, ўтказилган криминалистик тадқиқотлар натижасида, ушбу бегона бармоқ изларининг Бўстон МФЙда яшовчи, 2005 йилда туғилган мактаб ўқувчиси вояга етмаган қиз Ф.С.га тегишли эканлиги аниқланган.
Жиноят ишида гумон қилинган вояга етмаган қиз Ф.С. билан олиб борилган тезкор суриштирув ва тергов ҳаракатлари давомида, у мазкур жиноятни содир қилганлигига тўлиқ иқрорлик билдириб, ашёвий далилларни ўз ихтиёри билан тергов органига топширган.
Ҳозирда ушбу жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.