18 Май 2021 йил 485

Қоракўл туманида содир бўлган “оғир тан жароҳати етказиш” жинояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари томонидан “Шўробод” маҳалласида кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди.

2021 йил 13 майга ўтар кечаси тахминан соат 01:00 ларда Қоракўл тумани “Шўробод” маҳалласида яшовчи, 1996 йилда туғилган мавсумий ишчи Б.Б. спиртли ичимлик истеъмол қилган маст ҳолатда ўз ҳовлисида меҳмон бўлиб турган маҳалладоши 1975 йилда туғилган М.Қ. билан ўзаро жанжаллашиб қолиб, жанжал вақтида ошхона пичоғини М.Қ.нинг кўкрак қафаси ўнг томонига бир маротоба санчиб, оғир шикаст етказган.

Жабрланувчи М.Қ. туман тиббиёт бирлашмасига олиб келиниб, кечиктириб бўлмас тез тиббий ёрдам кўрсатилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Б.Б. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 104-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 18 май куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари  подполковник Жонибек Болтаев, туман прокурори, ички ишлар бўлими бошлиғи, бошқа мутасадди идоралар масъуллари, маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари, ушбу маҳалланинг қишлоқ ва кўча вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида жиноят содир қилган шахс ва жабрланувчилар истиқомат қилаётган  “Шўробод” маҳалласида жиноят муҳокамасини ўтказди. 

Жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, маҳалла ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар, профилактик тадбирларни жойига чиқиб ўрганган масъуллар, муҳокама жараёнида маҳалла мутасаддилари ва ҳуқуқ тартибот маскани профилактика инспекторининг маҳаллада ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни барвақт олдини олиш борасида амалга ошираётган профилактик тадбирлари ва уларнинг натижалари юзасидан ҳисоботларини тинглаб, жиноят сабаблари ва унинг келиб чиқишига омил бўлган шарт-шароитлар юзасидан фикрларини эшитдилар.

Ушбу маҳаллада жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида маҳалла мутасаддилари, профилактика инспектори, туман Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими мутасаддилари ва ички ишлар бўлими томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар танқидий муҳокама қилиниб, жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари бирма бир таҳлил қилинди.

Муҳокама якунида ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида чора-тадбирлар белгилаш, “маҳаллабай”, “хонадонбай” ва фуқаробай иш тартибини жорий қилиш, “Хавфсиз хонадон” ва “Хавфсиз ҳовли” тизими бўйича кенг кўламли профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш борасида сектор раҳбарлари, тааллуқли идоралар ҳамда маҳалла масъулларига аниқ ва манзилли топшириқлар берилиб, бунда кенг жамоатчилик билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш, маҳалла фаоллари, қишлоқ ва кўча вакилларини жалб этиш лозимлиги таъкидланди.

Text to speech