19 Апрел 2021 йил 534

Қоракўл туманида содир этилган ўғирлик жинояти, воқеа жойидан олинган қўл бармоқ излари юзасидан ўтказилган криминалистик тадқиқот натижасида фош этилди

Гап шундаки, жорий йилнинг 18 март куни тахминан соат 23:00 ларда номаълум шахс Қоракўл тумани “Шакарбек” маҳалласида яшовчи, О.Қ нинг яшаш уйига ғайриқонуний равишда кириб, уйининг ички хоналаридан қимматбаҳо буюмларни яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида ҳаракатларини давом эттираётганда, уй эгасининг келиб қолганлиги сабабли ўзининг жиноий ҳатти-ҳаракатларини охирига етказа олмасдан ҳодиса жойидан яширинган.

Туман Ички ишлар бўлимига келиб тушган ушбу мазмундаги хабар асосида воқеа жойига борган тергов-тезкор гуруҳи томонидан ҳодиса содир бўлган жой кўздан кечирилганда, эксперт криминалистика гуруҳи эксперти томонидан 5 дона қўл бармоқ излари олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Ҳодиса содир бўлган жойдан олинган қўл бармоқ излари вилоят Ички ишлар бошқармаси Эксперт криминалистика бўлимида мавжуд шахсни автоматлаштирилган дактилоскопик идентификация қилиш тизими орқали текширилиб, қўл бармоқ излари устида криминалистик тадқиқотлар ўтказилганда, ҳодиса содир бўлган жойда қолдирилган 5 дона қўл бармоқ изларнинг 2 донаси Қоракўл тумани Хўжалар маҳалласида яшовчи, 1994 йилда туғилган М.О исмли шахсга тегишли эканлиги аниқланган.

Жиноят иши бўйича гумон қилинувчи сифатида жалб этилган М.О. билан олиб борилган тезкор суриштирув ва тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни айнан у содир қилганлиги ўз тасдиғини топган.

Ҳозирги кунда М.О.га нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлиги юзасидан тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Text to speech