3 Март 2021 йил 579

Қоракўл туманида ўтказилган тезкор тадбирда тумандаги “Ижтимоий ётоқхона”га жойлаштирилган аёл ўзига ажратиб берилган хонада фохишахона ташкил қилганлиги аниқланди

Бугунги кунда, Бухоро вилоятида ижтимоий кўмакка муҳтож, уйсиз, доимий яшаш манзилига эга бўлмаган фуқароларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш, уларни турар жой ва муносиб яшаш ҳамда иш шароитлари билан таъминлаш борасида кенг кўламли чора тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, муқим турар жойга эга бўлмаган, ижтимоий кўмакка муҳтож, ишсиз фуқароларни касбга ўргатиш, иш ва турар жой билан таъминлаш, уларнинг турмуш тарзини яхшилашга қаратилган қатор чора тадбирлар намунаси сифатида, вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида турар жойга эга бўлмаган фуқароларни вақтинча яшашлари учун “Ижтимоий ётоқхоналар” ташкил қилиниб, бу тоифа фуқароларимиз ушбу масканларга жойлаштирилиб, муносиб яшаш ва иш шароитлари яратиб берилмоқда.

Худди шундай, доимий турар жойига эга бўлмаган, оиласидан ажрашган, 3 нафар фарзанди билан Қоракўл тумани Табиблар кўчасида ташкил этилган “Ижтимоий ётоҳхона”да вақтинчалик яшаш учун жойлаштирилган, 1976 йилда туғилган аёл Ж.З., унга нисбатан давлатимиз томонидан қилинаётган юксак эътиборни оёқ ости қилиб, ғаразли ва паст ниятларда, моддий манфаатдор бўлиш мақсадида қасддан жиноят содир қилиш йўлига ўтиб, 2021 йилнинг 18 февраль куни тахминан соат 16:45 ларда ижтимоий ётоқхонанинг ўзи ва фарзандларига ажратиб берилган хонасида 40.000 сўм пул эвазига фуқаролар Ж.М. ва А.Н.ларнинг жинсий алоқа қилишлари учун шароит яратиб бериб, фоҳишахона ташкил қилганлиги туман Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман Ички ишлар бўлими томонидан З.Ж. нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 131-модда 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Text to speech