Қоровулбозор туманида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда уй томида 2 килограммдан ортиқ “Марихуана” гиёҳвандлик моддасини сақлаб келаётган шахс қўлга олинди
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси ва унинг жойлардаги бўлим ҳамда бўлинмалари томонидан вилоят ҳудудида гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш, эгаллаш, тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни ўтказиш, истеъмол қилишга жалб этиш, ишлаб чиқариш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноий ҳатти-ҳаракатларга қарши кескин курашиш борасида кенг кўламли тезкор ҳамда профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири жорий йилнинг 15 ноябрь куни вилоятнинг Қоровулбозор туманида ўтказилди.
Туман Ички ишлар бўлими жиноят қидирув хизмати тезкор вакиллари, ҳудудий профилактика инспектори ва кинолог ходимлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, туманнинг “Бўзачи” маҳалласида истиқомат қилувчи 1971 йилда туғилган фуқаро Ў.Р.нинг гиёҳванд моддалар олди сотдиси билан шуғулланиб келаётганлиги тўғрисида олинган тезкор хабар асосида, унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, уйининг томида шефир қопламасининг остки қисмида, қоп ичига, 10 дона полиэтилен пакетларга солинган, 114 дона гугурт қутиларга алоҳида-алоҳида қадоқланиб жойланган “Марихуана” гиёҳвандлик моддаларини келгусида сотиб мўмай даромад қилиш мақсадини кўзлаб сақлаб келаётганлиги аниқланган ва ушбу моддалар холислар иштирокида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси Эксперт криминалистика бўлими томонидан берилган хулосага кўра ҳужжатлаштириб олинган ушбу гиёҳвандлик моддаларининг соф вазни 2 килограмм 30 граммни ташкил этган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан фуқаро Ў.Р. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25/273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.