Қоровулбозорда ўтказилган тезкор тадбирда жиноий гуруҳ бўлиб ўғирлик жиноятини содир қилган шахслар қўлга олинди
2020 йил 03 ноябрь куни Қоровулбозор тумани Ички ишлар бўлимига, Қашқадарё вилояти Муборак тумани А.Навоий МФЙда яшовчи, 1976 йилда туғилган, Қоровулбозор тумани “Бўстон” маҳалласида жойлашган “Қоровулбозор Қоракўлчилик” МЧЖда бош чўпон вазифасида ишловчи С.М. ариза орқали мурожаат қилиб, ўз аризасида 2020 йилнинг 16 октябрь куни тахминан соат 20:00 дан 21:00 га қадар бўлган вақт оралиғида, номаълум шахслар МЧЖга қарашли дала шийпони омборхонасига ғайриқонуний равишда кириб, омборхонанинг темир эшиги қулфини бузиб очиб, баҳоси 160.000 (бир юз олтмиш минг) сўмлик 3 та қопларга жойланган 200 килограмм цемент, жами баҳоси 690.000 (олти юз тўқсон минг) сўмлик 2 та қопларга жойланган 300 килограмм арпа ва баҳоси 7.800.000 (етти миллион саккиз юз минг) сўмлик “Иж Планета-5” русумли, носоз, давлат рақам белгисиз мотоциклини ўғирлаб, жамиятга жами 8.650.000 (саккиз миллион олти юз эллик минг) сўм миқдорида моддий зарар етказиб, ҳодиса жойидан яширинганлигини билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қоровулбозор тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 169-моддаси (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилди.
Олиб борилган тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Қашқадарё вилояти Миришкор тумани Помуқ МФЙда яшовчи 1990 йилда туғилган Н.А. ҳамда унинг жиноий шериги шу манзилда яшовчи 1985 йилда туғилган Ш.А. лар содир қилганлиги аниқланиб, ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳозирда гумонланувчилар Н.А. ва Ш.А. ларга нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.