27 Апрел 2021 йил 539

Пешку тумани Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан бир гуруҳ устомон ижтимоий тармоқ фирибгарларининг фаолиятига чек қўйилди

Номаълум шахс телеграмм ижтимоий тармоғидаги “Омад шоу” номли гуруҳга “FIRU” номли аккаунт очиб, шу гуруҳда Пешку тумани Жонгелди маҳалласида яшовчи, 1987 йилда туғилган А.Г. билан виртуал суҳбатлар ва ёзишмалар олиб бориб, уни ўйлаб топилган “Омад шоу” ўйинида иштирок этишга жалб қилиб, ўйин натижаларига кўра 300.000 сўм миқдордаги пул ютуғига эга бўлганлигини айтиб, пластик карта махсус рақами ва “СLICK” пул ўтказмалари сервис хизматига уланган қўл телефон рақамини ташлаб берса, ютуқ пулларини пластик картага кўчириб бериш тўғрисида уни ишонтирган.

А.Г. ўзини номида пластик карта бўлмаганлиги сабабли, қўшниси 1984 йилда туғилган Д.К.га бориб мурожаат қилган ва унга тегишли бўлган “Миллий банк” томонидан берилган “Хумо” пластик карта рақамини ҳамда Д.К.нинг телефон рақамини номаълум шахсга айтган. Пластик карта махфий рақамини олишга эришган номаълум шахс ўша заҳоти пластик картадаги пулларни ечиб олган.

Буни қарангки, Д.К.нинг телефон рақамида “СLICK” пул ўтказмалари сервис хизматига уланган яна бир пластик карта борлигини билган номаълум шахс, гўёки илгари махфий рақамлари берилган пластик картага пул ўтказмасини амалга ошириш имкони бўлмаётганлигини важ қилиб, А.Г.дан қўшничи Д.К.нинг телефонига уланган М.С. нинг номига “Ўзсаноатқурилиш банк” томонидан берилган бошқа бир пластик карта рақамини ҳам олишга эришиб, иккала пластик картадан жами 11.450.000 (ўн бир миллион тўрт юз эллик минг) сўм пулларни ечиб олиб, фирибгарлик жиноятини содир қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлаб тергов ҳамда тезкор суриштирув ҳаракатлари олиб борилган.

Олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Бухоро Мухандислик-технология институти талабалари, Бухоро шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг бирида биргаликда ижарада яшаб келаётган талабалар, Навоий вилояти Қизилтепа туманида яшовчи, 1998 йилда туғилган Н.Н. ва Олот тумани Усмоншайх маҳалласида яшовчи, 1998 йилда туғилган С.Х.лар олдиндан жиноий тил бириктирган ҳолда содир қилинганликлари аниқланиб, ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ҳозирги кунда мазкур жиноий гуруҳнинг бошқа шу каби содир этилиб фош этилмасдан қолган жиноятларга алоқадорлиги юзасидан тезкор суриштирув ҳамда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Азиз Ватандошлар, вилоятмиз фуқаролари! Осон бойлик орттириш мақсадида ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинаётган ютуқли ўйинлар, турли хилдаги акциялар, электрон савдоларда қатнашманг.

Сир сақланиши лозим бўлган пластик карта рақамларини бировга ошкор қилманг.

Акс ҳолда ижтимоий тармоқ фирибгарларининг найрангларига алданиб, пул маблағларингиздан айрилиб қоласиз.

Text to speech