Пиротехника воситаларининг ноқонуний савдосига қарши курашиш борасида Бухоро вилоятида амалга оширилган ишлар
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасининг тегишли Фармойишига мувофиқ вилоятнинг барча ҳудудларида ички ишлар органлари, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда “Пиротехника” ва “Тозалаш-Антитеррор” махсус тезкор профилактик тадбирлар изчиллик билан амалга ошириб келинмоқда.
Жорий йилнинг 15 декабрь куни ўтказилган ана шундай тадбирлар давомида бир нечта ҳолатда пиротехника воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланаётган шахслар аниқланди.
Жумладан, Шофиркон тумани Саврак маҳалласида яшовчи 2003 йилда туғилган Ш.Ғ. ўзи ишлаб келаётган “Бисёр” кафесида 2000 (икки минг) дона Қирғизистон Республикасида ишлаб чиқарилган “ТРЕНИЯ” номли пиротехник воситаларни сотиб, мўмай даромад орттиришни кўзлаган ҳолда сақлаб келаётганлиги ҳудудий профилактика инспектори томонидан аниқланган.
Худди шунингдек, Бухоро туманидаги тадбирлардан бирида, туманнинг Кунжиқальа маҳалласи Новметан қишлоғида яшовчи 2002 йилда туғилган фуқаро Б.И. Ғиждувон туманидаги буюм бозоридан ўзига нотаниш фуқародан 240 (икки юз қирқ) қути (2100 дона) “Британик” ёзувли пиротехника воситаларини олиб келиб, келгусида сотиб даромад қилишни кўзлаган ҳолда яшаш уйида сақлаб келаётганлиги аниқланиб, холислар иштирокида текшириб кўриш учун туман Ички ишлар бўлими ихтиёрига олинган.
Бухоро туманида ўтказилган яна бир тезкор тадбир давомида ҳудудий профилактика инспектори томонидан Бухоро шаҳар Афросиёб кўчасида яшовчи, 9-синф ўқувчиси вояга етмаган М.И. ҳам 120 (бир юз йигирма) қути (1200 дона) “Трения” ёзувли пиротехника воситаларини сотиш мақсадида олиб кетаётганлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.
Бу каби тадбирлар янада кучайтирилиб, вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан алоҳида назоратга олинган ҳолда жадаллик билан давом эттирилмоқда.