Профилактик тарғибот: Қўшничилик одоби — ҳурмат-иззат, ўзаро эҳтиром шарти!
Баъзида қўни-қўшнилар ўртасида айрим кўнгилни хира қилувчи ҳолатлар рўй бераётгани қулоғимизга чалиниб қолади. Аслида қўшнилар билан чиройли ва самимий муносабатда бўлиш, ҳолидан хабар олиш, уларнинг хурсандчилик ва мушкулида шерик бўлиб, суянчиқ бўлиш каби қўшничилик одобларига риоя қилиш ушбу муносабатларда муҳим аҳамият касб этади.
Баъзан тушунмовчилик орқали қўшнилар ўртасига хафачиликлар содир бўлиб, одатда, бу каби ҳолатлар кўпроқ уларнинг ёш болалари ўртасида юзага келади. Шундай пайтда, ота-оналар ўз фарзандларини одобга чақириб, ўзаро ҳурмат-иззатни сақласалар айни муддао бўлади.
Жумладан,15 сентябрь куни Бухоро шаҳар “Аҳмад Дониш” маҳалласида жойлашган эҳтиёжманд оилаларга мўлжалланган Ижтимоий ётоқхонада вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими бошлиғи подполковник Дилфуза Шаропова ҳамда Бухоро шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи бошчилигида шаҳар ИИО ФМБ ва маҳалла масъуллари, дин ишлари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида навбатдаги профилактик тарғибот тадбирлари олиб борилди.
Бунда, қўшничилик тушунчаси халқимизнинг ҳаётида мустаҳкам ўрнашиб, бу борада кўпларга ибрат бўлиб келаётгани айниқса, маҳаллаларимизда қўни-қўшнилар ўртасида ўзаро маслаҳатлашиш ва ёрдамлашиш урф-одатларимизга айланиб кетгани бир қатор мисоллар орқали батафсил тушунтирилди.
Шунингдек, нотинч оилалар муҳитини соғломлаштириш, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳамда улар иштирокида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни барвақт олдини олиш борасида аёлларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш тўғрисида сўз юритилди.