Қиш мавсумини беталафот ўтказиш зарур! Бу борада аниқ ва кечиктириб бўлмас чоралар кўриш лозим! Совуқ кунларда бозорларда озиқ-овқат маҳсулотларининг нарх-навоси ҳамда сифати қандай? Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизими қай даражада? Вилоят 3-сектор раҳбарининг ҳудудлар бўйлаб ўрганишлари давом этмоқда
Бугун, 22 январь куни вилоят ИИБ бошлиғи полковник Шухрат Алиев ҳамда ДСБ бошлиғи Мақсуд Маматхановлар қишнинг совуқ кунларида аҳоли саломатлигини таъминлаш, уларга сифатли ва ҳамёнбоп озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш, шунингдек, таълим муассасаларининг анъанавий ўқитиш фаолиятига ўтиши муносабати билан тайёргарлик даражасини яқиндан ўргандилар.
Дастлаб масъуллар Бухоро тумани, шунингдек вилоят 3-секторига қарашли Вобкент ҳамда Ғиждувон туманлари деҳқон бозорларида бўлишди.
Ўрганишларлар давомида мазкур туманлар ҳокимлари ва сектор раҳбарлари, шунингдек, тегишли мутасаддилар ҳамроҳлигида бозорларда ташкил этилган арзонлаштирилган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркасини кўздан кечиришди.
Жараёнда нарх-навонинг асоссиз ошиб кетишига йўл қўймаслик, санитария ва гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш, кундалик озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини яратиш, озиқ-овқат маҳсулотлари сақланаётган омборларда илиқ ва салқин ҳароратни бир маромда сақлаш борасида масъулларга ўзларининг тавсия, кўрсатма ва топшириқларини бердилар.
Хабарингиз бор, Бухоро вилоятида барча таълим муассасалари расман 23 январьдан анъанавий ўқитиш фаолиятини бошлайди.
Шу муносабат билан муассасалардаги иситиш тизимининг ҳолатини ўрганиш мақсадида сектор раҳбарлари Ғиждувон ҳамда Вобкент туманларидаги умумтаълим мактабларида бўлишди.
Ҳаво ҳарорати пасайган кунларда ўқувчиларнинг сифатли билим олиши, соғ-саломат бўлиши, таълим муассасаларининг иссиқлик билан қай даражада таъминланганлигига боғлиқлиги таъкидланди.
Шунга мувофиқ таълим муассасаларининг иситиш тизими, қозонхоналарнинг созлиги, ошхона ва синфхоналари кўздан кечирилди. Табиий газ таъминотини янада яхшилаш, ёқилғи захирасини яратиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича манзилли ишлар бошлаб юборилди.
Бу каби ўрганишлар давом этмоқда.