8 Феврал 2023 йил 558

Қоракўллик фуқаро Бухоро шаҳрида автомашинани ўғирлаб олиб қочди

Бухоро вилояти ички ишлар органлари томонидан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали автотранспорт воситаларини қаровсиз, калити ўзида, эшикларини очиқ ҳолатда қолдирилганлиги оқибатида содир этилган жиноятлар ҳамда бу турдаги жиноятларни олдини олишга қаратилган қатор тарғибот тадбирларига қарамасдан фуқароларнинг ўз мол мулкига бепарво муносабатда бўлишлари натижасида автотранспорт воситаларини ўғирлаб олиб қочиш билан боғлиқ жиноятлар содир этилмоқда.

Жумладан, 2023 йилнинг 5 февралидан 6 февралига ўтар кечаси соат 01:00 лар атрофида номаълум шахс маст ҳолда Бухоро шаҳар Қуйихонахоҳ кўчасида яшовчи аёлга тегишли бўлган «Тико» русумли автомашинани Бухоро шаҳар М.Бурхонов маҳалласида жойлашган ўзига тегишли бўлган савдо дўконининг олдида эшикларини очиқ ҳолда ичида калитини қолдириб кетганидан фойдаланиб, ушбу транспорт воситасини ўғирлаб олиб қочган.

Мазкур ҳолат юзасидан келиб тушган хабар асосида вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан "тўсиб ушлаш" махсус тезкор режаси ҳаракатга келтирилган.

Ҳамкорликда олиб борилган тезкор-техник, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари натижасида ушбу автомашинани олиб қочган шахс Когон шаҳар Хўжа барги маҳалласи ҳудудидан ўтган А-380 автомагистралининг қатнов қисмларини ажратиб турувчи тўсиққа уриб техник шикастлантириб, ҳаракатланмай қолган автомашинани шу ерда қолдириб кетган.

Аниқланишича, мазкур жиноятни Қоракўл тумани Чандиробод кўчасида яшовчи 1995 йилда туғилган Ж.Ш. исмли шахс содир қилганлиги фош этилди.

Ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар ИИО ФМБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 267-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Text to speech