30 Ноябр 2020 йил 764

Раҳбар ва ёшлар. Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев ёшлар билан учрашди

2020 йил 30 ноябрь куни вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев, Ғиждувон туманида ёшлар иттифоқи ва ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими раҳбарлари билан биргаликда туманнинг 3-сектори ҳудудида яшовчи 150 дан ортиқ ёшлар билан учрашув ўтказди.

Халқобод маҳалласидаги Миллий ҳунарманчилик касб-ҳунар мактаби биносида ўтказилган учрашувда Ш.Алиев дастлаб, вилоят ҳамда туман ҳудудида вояга етмаган ва ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар юзасидан иштирокчиларга батафсил маълумот бериб, ҳар бир жиноятнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароит ва омилларни аниқ таҳлиллар асосида иштирокчилар эътиборига етказди ҳамда вояга етмаган ва ёшлар жиноятчилигига қарши курашиш, бу тоифа шахслар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш борасида маҳалла раисларининг ҳуқуқ-тартибот бўйича ўринбосарлари ва бошқа ҳамкор идоралар масъуллари билан биргаликда профилактик ишларни янада кучайтириш юзасидан ёшларга ўзининг таклиф ҳамда тавсиялари, мутасаддиларга топшириқ ва кўрсатмаларини берди.

Учрашувда полковник Шухрат Алиев ёшлар билан суҳбатлашиб, ёшларга оид давлат сиёсати доирасида ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, иқтидорли ўғил-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб, ёшларни жисмонан бақувват, маънан етук, юксак интеллектуал салоҳиятли Ватан ҳимоячиси этиб тарбиялаш, ўзининг асосий вазифаси эканлигинини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Мазкур учрашувда ёшлар томонидан турли масалалардаги 20 дан ортиқ таклиф ҳамда тавсиялар ҳамда 10 дан ортиқ мурожаатлар ҳам қабул қилинди.

Қабул қилинган мурожаатларнинг 2 таси кредит олиш, 1 таси кутубхона ташкил этиш, 2 таси тикув машинаси олиш, 1 таси қурилиш учун ер жой ажратиш, 1 таси ишга жойлаштириш, 1 таси тўгарак машғулотлари учун миллий чолғу асбоболари ажратишда ёрдам бериш ва бошқа масалаларда бўлди.

Мурожаатларнинг 2 таси жойида ижобий ҳал қилиниб, 6 таси қўшимча ўрганиш учун ижрога қабул қилинди ва мутасаддиларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Тадбирда иштирок этган ёшларга 30 та турли тўпламдаги китоблар жамланмаси ҳамда жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш вояга етмаганлар ҳамда ёшлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган 4 нафар фидокор ёшларга Ички ишлар бошқармасининг ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

Text to speech