“Раҳбар ва ёшлар учрашуви”нинг навбатдаги манзили Бухоро вилоятининг Когон шаҳри бўлди
Бугун, Бухоро вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ҳамда “Ватанпарварлик ойлиги” тадбирлари доирасида Когон шаҳрининг 3-секторига қарашли Бухоро шох кўчасида жойлашган Темирйўчилар маданият саройида Когон шаҳар ёшлари билан юзма-юз учрашдилар.
Тадбир, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган, вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда мудофаа бошқармаси ходимларининг кўргазмали чиқишлари, жанговар қуроллар, махсус воситалар ва махсус техникаларнинг намойиши ҳамда ҳарбий оркестрнинг ватанпарварлик ғоялари йўғрилган куй-қўшиқлари билан бошланди.
Айниқса ички ишлар бошқармаси алоҳида вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди ходимлари ва ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлик ва қўл жанги бўйича, патруль пост хизмати батальони ходимларининг махсус тактик тайёргарлик бўйича кўргазмали чиқишлари, кинология хизмати Хизмат итлари питомниги махсус курсдан ўтган хизмат итларининг машқ жараёнлари ташриф буюрувчиларда жўшқинлик уйғотган бўлса, жанговар қуроллар, махсус восита ва техникалар намойишидан ёшлар катта таассуротлар олдилар.
Ҳарбий оркестрнинг Ватаннни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлари иштирокчиларда ватанга бўлган муҳаббат туйғусининг жўш уришига сабаб бўлди.
Бундан ташқари тадбир доирасида ёшлар учун китоб ярмаркаси ҳам ташкил этилиб, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 ташаббусдан бири бўлган “Китобхонликни” кенг тарғиб қилиш ишлари ҳам амалга оширилди.
Шундан сўнг вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари Темирйўлчилар маданият саройининг мажлислар залида Когон шаҳар ёшлари билан учрашув ўтказиб, уларни қийнаб келаётган муаммолари, талаб ва таклифларини ўргандилар.
200 дан ортиқ ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувда, ёшларни қийнаб келаётган 100 га яқин мурожаатлар қабул қилиниб, аксарият мурожаатлар шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди.
20 дан ортиқ ёшлар томонидан берилган таклифлар қўллаб қувватланиб, вилоят ҳамда шаҳар мутасаддиларига зарурий кўрсатма ва топшириқлар берилди, ижроси раҳбарларнинг алоҳида назоратига олинди.
Ёшларнинг тадбиркорлик масаласида қилган мурожаатлари юзасидан 16 нафар ёшларнинг 3 нафарига 300 млн, 2 нафарига 200 млн ва 11 нафарига 30 млн сўмлик имтиёзли кредит маблағларини ажратиш бўйича сертификатлар тақдим қилинди.
Таълим муассасаларида ўқиш жараёнида тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган иқтидорли ёшлардан 30 нафарига фахрий ёрлиқ ва китоблар жамланмаси тақдим этилди.
Бу каби тадбирлар, босқичма-босқич вилоятнинг барча ҳудудларида ташкиллаштирилиб, ёшлар ўртасида ватанпарварлик, келажакка ишонч, қолаверса ватан ҳимоячиси деган шарафли касбга қизиқишларини орттиришда ўзининг юксак самарасини бермоқда.