23 Май 2022 йил 744

Республика ишчи гуруҳи Бухоро вилоятидаги ўрганишларини якунлади

Маълумки, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириши ҳар томонлама секторлар фаолиятининг натижадорлигига бориб тақалади. Бугунги кун раҳбаридан ҳар жабҳада ташаббускорлик, ҳудуднинг алоҳида хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, илмий асосланган тажрибалар яратиш ва уни ҳаётга кенг татбиқ этиш талаб этилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан барча давлат органлари ва ташкилотлар зиммасига ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, маҳалларни жиноятдан ҳоли хавфсиз ҳудудга айлантириш, аҳолининг муаммоларини манзилли бартараф этиш ишларни амалга ошириш бўйича устувор вазифалар белгиланган. Эндиликда сектор ва бошқа мутасадди ташкилот раҳбарларининг фаолиятига бевосита мурожаатлар кўрсатгичи, аҳолининг турмуш даражаси ва ҳудуддаги жиноятчилик аҳволи билан ўзаро боғлиқ ҳолда баҳо берилади.

Асосий мақсад эса ислоҳотларнинг чекка ҳудудларга етиб бориши, фуқаролар ижобий ўзгаришларни ўз кундалик ҳаётида ҳис этишларини таъминлашдир.

Шу каби ишларни янада жадаллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Бахтиёр Исламов ҳамда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги идоралар аро республика ишчи гуруҳи 17-20 май кунлари Бухоро вилоятининг барча туман-шаҳарларида бўлиб, аҳоли муаммоларини манзилли бартараф этиш чораларини кўрди.

Бу борадаги ўрганишларнинг учинчи куни вилоятнинг Пешку, Ромитан ва Бухоро туманларида давом этиб, бунда ҳудудларда «маҳаллабай», «хонадонбай» ва «фуқаробай» тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар масъулларнинг эътибор марказида бўлди.

Шу ўринда, Пешку туманидаги «Ибн Сино» маҳалласида яшовчи фуқаро
Темир Қурбонов хонадонида «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида ташкил этилган сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, шунингдек чорвачилик, паррандачилик ва пиллачилик тажрибаси ўрганилди. Пилла режасини ортиғи билан бажарган бир гуруҳ пиллакорлар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Ромитан туманидаги «Афросиёб» маҳалласида жойлашган «Тадбиркорга кўмак маркази»да эса аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, камбағалликдан чиқариш ва эҳтиёжманд фуқароларнинг бандлигини таъминлаш баробарида уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлиши йўлида олиб борилаётган фаолият билан танишилди.

Шунингдек, сектор раҳбарларининг ҳоким ёрдамчилари билан ҳамкорликда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича «фуқаробай» ишлаш амалиёти ҳам ўрганилди.

Ўрганишларнинг охирги манзили эса Бухоро туманидаги «Работак» маҳалласида жойлашган «Нақшбанд ҳунармандчилик маркази» бўлиб, бу ерда устоз-шогирд анъаналари асосида ёшларни касбга-ҳунарга ўргатиш тажрибаси яқиндан ўрганилди.

Айтиб ўтганимиздек ҳар бир саъй-ҳаракатнинг самарадорлиги унинг натижадорлиги билан белгиланади.

Ўрганишлар давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари, ҳокимликлар ва маҳалла вакиллари иштирокида 295 та низоли оила ўрганилиб, 250 та оиланинг маиший муаммолари тўлиқ бартараф этилди.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 709 нафар фуқарога жами 18,8 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.

Маҳаллаларда 4,3 км ичимлик суви тармоғи тортилди, 19 км газ қувурлари таъмирланди, 8 512 дона суюлтирилган газ балонлари тарқатилди, 5,1 км ички йўлларга шағал ва 4,9 км асфальт ётқизилди. Йўл транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида 109 та пиёдалар ўтиш йўлаги чизилди, 179 та йўл белгилари ва светофорлар ўрнатилди.

Вилоят ҳудудида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни барвақт олдини олиш, криминоген вазиятни янада барқарорлаштириш, йўлларда хавфсиз ҳаракатланишни таъминлаш мақсадида ташкил этилган тезкор профилактик тадбирлар давомида 120 та жиноий ҳолат ва 151 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланди, илгари содир этилиб, очилмасдан қолган 12 та жиноят фош этилди, 14 нафар қидирувдаги шахслар ушланди. Махсус «Авторейд» тадбирларида эса 4010 та қоидабузарлик ҳолатлари аниқланиб, ҳайдовчилар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Республика ишчи гуруҳининг вилоятдаги ўрганишлари якуни бўйича, вилоят сектор ва мутасадди ташкилотлари раҳбарлари иштирокида танқидий йиғилиш бўлиб ўтди.

Вилоятда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш аҳволи қониқарли даражада эмаслиги ишчи гуруҳ масъуллари томонидан қаттиқ танқид остига олинди. Жумладан ўтган йилда ҳал этилмаган мурожаатларнинг саксон фоизи қайта ўрганилиб, муаммолар бартараф этилган. Вилоят мутасаддилари эса тўғри тушунтириш билан чекланган холос.

Йиғилишда Ички ишлар вазирининг ўринбосари, Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи полковник Б.Абдуллаев сўзга чиқиб, вилоят ички ишлар органларининг жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва унга қарши курашиш борасидаги ўрганишлари юзасидан ҳисобот бериб, баъзи секторлар фаолияти танқид қилинди ва камчиликлар санаб ўтилди.

Ишчи гуруҳи аъзолари Ромитан, Олот, Жондор туманлари ва Бухоро шаҳар ҳокимлари, вилоят давлат Солиқ бошқармаси, Халқ таълими бошқармаси, Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ва Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят бошқармаси, Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси раҳбарлари фаолияти танқид қилиниб, ушбу соҳаларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, содир этилган жиноятларни жойида муҳокама қилиш масалаларида масъулиятсизликка йўл қўйганлигига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, мутасадди ташкилотлар ҳамда ҳудудлардаги секторлар раҳбарларига жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда «маҳаллабай» тамойили асосида иш олиб бориш, содир этилган ҳар бир жиноятчиликни жойида муҳокама этиш, майда ҳуқуқбузарлик келгусида оғир оқибатли жиноятга айланиб кетиши мумкинлигига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Фаолияти давомида асосиз хотиржамликка берилиб, бир қатор камчиликка йўл қўйган 5 нафар сектор раҳбарлари ҳамда 8 нафар масъул раҳбарларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилди.

Мамлакатимиз Президентининг 2021 йил 26 мартда қабул қилинган «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш борасидаги вазифалар белгилаб олинди.

Аниқланган камчиликларни тез фурсатда бартараф этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилиб, уларнинг масъулияти оширилди.

Text to speech