Республика ишчи гуруҳининг Бухоро вилоятидаги ўрганишлари давом этмоқда
Бугунги кунда, ҳудудларнинг алоҳида хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, кўп минг йиллик тарихга ва юқори туризм салоҳиятига эга бўлган кўҳна ва боқий Бухоро ўзида аждодларимизнинг бой истеъдоди ва бадиий маҳорати, улкан яратувчилик қудратидан далолат беради. Шу ўринда, меҳнаткаш, меҳмондўст ва самимий вилоят аҳолиси ҳунармандчилик, туризм ва хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда самарали меҳнат қилиб келмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, вилоятда аҳоли муаммоларини манзилли бартараф этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ишларини янада жадаллаштириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Бахтиёр Исламов ҳамда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг Бухородаги ўрганиш ишлари қизғин давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган инсон қадрини улуғлаш айниқса, юрт ободлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида божхона назорати соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар кенг татбиқ қилинмоқда. Жумладан, республика ишчи гуруҳининг иккинчи кундаги ўрганишлари Олот чегара Божхона пости фаолияти билан танишишдан бошланди. Мазкур Божхона пости раҳбари томонидан олиб борилаётган ишлар ва келгусидаги режалар юзасидан қилинган тақдимотда амалиётга татбиқ этилган замонавий рентген аппарати, фуқароларни ўтказиш пункти, интеграция қилинган божхона ахборот дастурлари ҳамда юк автомашиналарини чегарадан ўтказиш аҳволи борасида сўз юритилди.
Юртимизда ёшлар маънавиятини ва китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, маънавий-маърифий ҳамда ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларда ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини шакллантиришга алоҳида эътибор берилмоқда.
Шундан сўнг, масъуллар томонидан тумандаги «Халифа» маҳалласида жойлашган Маънавият ва маданият марказининг янги биносида ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш борасида олиб борилаётган амалий ишлар ўрганилди. Бу ерда ташкил этилган спорт, шахмат-шашка, рақс, доира, заковат, китобхонлик, каштачилик, замонавий ахборот технологиялари саводхонлигини ошириш каби тўгараклар ва замонавий кинозаллар фаолияти билан танишилди.
Масъулларнинг навбатдаги манзили Қоракўл туманидаги «Қоракўл» маҳалласи аҳолисига хизмат қилувчи 476-сонли таянч пунктида ҳудудда жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолияти ўрганилди.
Маҳаллаларда «Бир нуроний ўн ёшга масъул» тамойили ижроси йўлида ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи нуроний ва меҳнат фахрийлари билан мулоқот ўтказилди. Мулоқотлар чоғида нуроний отахон ва онахонларнинг катта ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб, ёш авлодни тарбиялашга қаратилган фикрлари тингланди.
Шунингдек, сектор раҳбарларининг ҳоким ёрдамчилари билан ҳамкорликда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича «фуқаробай» ишлаш амалиёти билан ҳам танишилди.
Туман аҳолиси ўз хонадонида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, оила аъзолари бандлигини таъминлаш баробарида доимий даромад манбаига эга бўлмоқда. Жумладан, ушбу маҳалладада яшовчи фуқаро Мўминов хонадонида 60 млн сўм миқдордаги кредит маблағлари ҳисобига ҳовлисида иссиқхона барпо этиб, мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, паррандачилик ва асаларичилик фаолияти ташкил этиш тажрибаси ўрганилди.
Ўрганишларда асосий эътибор ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни «маҳаллабай», «фуқаробай» тизими ва «Хавфсиз ҳовли» тамойили асосида жиловлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаини яратиш орқали камбағалликни қисқартириш борасида сектор раҳбарлари томонидан олиб борилаётган ишлар натижадорлигига қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этди.
Масъуллар кейинги манзили Бухоро шаҳри бўлди. Бунда, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг капитал таъмирланган биноси имкониятлари ва ходимларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишилди. Бошқарма бошлиғи Анвар Аҳмедовнинг йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга бағишланган тақдимоти тингланди.
Шу билан бирга, вилоят Ички ишлар бошқармаси Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи Азим Бозоровнинг кадрлар билан жамлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятларнинг олдини олишга бағишланган тақдимоти тингланди. Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларни жиноятдан ҳоли, хавфсиз ҳудудга айлантиришга қаратилган фаолияти муҳокама қилиниб, зарурий тавсиялар берилди.
Маълумки, жамоат хавфсизлигини таъминлаш масаласига доимий эътибор қаратиб келинмоқда, энг чекка қишлоқни ҳам жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш, аҳолига юқори профессионал хизмат кўрсатиш, учун ҳар бир маҳаллада изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Президентнинг тегишли қарорига кўра, профилактика инспекторларини тайёрлашда бир қатор имтиёзлар ажратилган бўлиб, жорий йилда 100 нафар, кейинги йилдан бошлаб ҳар йили 200 нафар профилактика инспектори учун фуқаролик олийгоҳларида сиртқи шаклда юридик таълимни олиш имконияти яратилди.
Шу боис, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Хоразм ва Навоий вилоятларининг жами 25 нафар профилактика инспекторига олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун тавсияномалар топширилди.
Шундан сўнг, Бухоро шаҳридаги «А.Ғиждувоний» маҳалласида жойлашган 4-сектор штабида сектор раҳбарларининг аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларни камбағалликдан чиқариш ва ҳудудда жиноятчиликни «маҳаллабай» жиловлаш бўйича ҳамкорликдаги фаолияти ўрганилди. Мазкур маҳаллада жойлашган «Эъзоза трейд» МЧЖ да 20 дан ортиқ маҳаллада яшовчи эҳтиёжманд аҳолининг бандлигини таъминлаш орқали доимий даромад манбаини яратиш амалиёти билан танишилди.
Ички ишлар вазирлигининг алоҳида ишчи гуруҳи ташаббуси билан вилоят ҳудудида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни барвақт олдини олиш, криминоген вазиятни янада барқарорлаштириш, йўлларда хавфсиз ҳаракатланишни таъминлаш мақсадида тезкор профилактик тадбирлар ташкил этилди.
Икки кунлик тадбирлар давомида жами 72 та жиноий ҳолат ва 80 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланди, илгари содир этилиб, очилмасдан қолган 7 та жиноят фош этилди, 8 нафар қидирувдаги шахслар ушланди. Махсус «Авторейд» тадбирларида эса 1252 та қоидабузарлик ҳолатлари аниқланиб, ҳайдовчилар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Республика ишчи гуруҳининг вилоятдаги ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш ишлари давом эттирилмоқда.