Ромитан туманида содир этилган ўта оғир жиноят вилоят прокурори ҳамда Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди.
Жорий йилнинг 19 май куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев, вилоят прокурори Махмуд Истамов билан биргаликда Ромитан тумани "Тарнаут" маҳалласида содир бўлган ўта оғир жиноятни, сектор раҳбарлари ва бошқа тааллуқли идоралар масъуллари, ушбу маҳалла мутасаддилари, маҳаллага қарашли қишлоқ ва кўча вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилдилар.
Мутасаддилар иштирокида жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, бунга имкон берган шарт шароитлар бирма бир таҳлил қилиниб, маҳалла ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда профилактик тадбирлар жойига чиқиб ўрганилди.
Муҳокама жараёнида маҳалла мутасаддилари ва ҳуқуқ тартибот маскани профилактика инспекторининг маҳаллада ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни барвақт олдини олиш борасида амалга ошираётган профилактик тадбирлари ва уларнинг натижалари юзасидан ҳисоботларини тингланиб, жиноят сабаблари ва унинг келиб чиқишига омил бўлган шарт-шароитлар юзасидан фикрлари эшитилди.
Мазкур ўта оғир жиноятнинг келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар таҳлил қилинар экан, маҳаллада ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида мутасаддилар, профилактика инспектори, туман Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими мутасаддилари ва ички ишлар бўлими томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар танқид қилиниб, масъуллар қаттиқ огоҳлантирилди.
Муҳокама сўнггида вилоят прокурори ҳамда Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан ушбу маҳаллада, шунингдек туманнинг қолган барча ҳудудларида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида чора-тадбирларни белгилаш, “маҳаллабай”, “хонадонбай” ва фуқаробай иш тартибини жорий қилиш, “Хавфсиз хонадон” ва “Хавфсиз ҳовли” тизими бўйича кенг кўламли профилактик тадбирларни амалга ошириш борасида сектор раҳбарлари, тааллуқли идоралар ҳамда маҳалла масъулларига аниқ ва манзилли топшириқлар берилиб, бунда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликни тўғри йўлга қўйиш, маҳалла фаоллари, қишлоқ ва кўча вакилларини жалб этиш лозимлиги таъкидланди.