1 Сентябр 2020 йил 566

Ромитан туманидан 265 км масофада жойлашган Қизилравот аҳоли пунктида байрам шукуҳи.

Бухоро вилоятининг Ромитан тумани марказидан 265 километр узоқликда, Қизилқум кенгликлари бағрида, қўшни Хоразм вилоятига чегарадош,  мамлакатимизнинг жанубий “қон томири”-Амударёга ёндош “Қизилравот” аҳоли масканида бугун 500 дан ортиқ юртдошимиз асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан тирикчилик қилиб келади.

Ушбу аҳоли пунктида Халқ таълими тизимидаги 38-, 39- ва 40-умумтаълим мактаблари фаолият юритиб, уларда 150 дан ортиқ ўғил-қиз таълим-тарбия олмоқда. 31-сонли мактабгача таълим ташкилоти элликка яқин жажжи болажонни ўз бағрига олган. Аҳолиси асосан қозоқлардан таркиб топган масканни янада обод қилиш, чўлни Ватан тутганларнинг ҳаёт сифатини янада яхшилаш, улар турмушида дуч келаётган муаммо ва қийинчиликларни ўрганиш ва ҳал қилиш ҳамиша долзарб вазифа бўлиб келган. Айниқса, ижтимоий мададга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш, чўл шароитида нисбатан оғир ўтадиган куз-қиш мавсумига тайёргарликнинг айни аҳволи билан яқиндан танишиш мақсадида вилоят мутасаддиларининг бу ерга ташрифи яхши анъанага айланган. 

Куни кеча вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда вилоят ҳокимлиги масъулларидан иборат ишчи гуруҳ ушбу олис ҳудудда истиқомат қилиб умргузаронлик қилиб келаётган ватандошларимиз ҳолидан хабар олиб, аҳолининг турмуш тарзи ва уни яхшилашга қаратилган бир қатор ижобий ишларни амалга оширдилар.

Мутасаддилар, ҳудуд секторлари раҳбарлари ва маҳаллий ҳокимликнинг бу галги ташрифи Қизилравот маркази, 39-сонли умумтаълим мактаби олдида аҳоли билан ташкил қилинган сайёр қабулдан бошланди.

Сайёр қабулда тушган мурожаатлар юзасидан аниқ чора-тадбир белгиланди. Кам таъминланган, моддий эҳтиёжманд ўндан ортиқ оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга рўзғори учун озиқ-овқат, маиший газ баллони ва кўмир, қолаверса, мактаб ёшидаги фарзандларига ўқув қуроллари тарқатилди.

Аҳоли пунктида озиқ-овқат ва қишлоқ ҳўжалик махсулотлари ярмаркаси, мактаб бозори ташкил этилиб арзонлаштирилган нархларда аҳолининг эҳтиёжлари қондирилди. Шунингдек овулдаги мактаблар, тиббиёт муассасаси, дорихона, савдо дўконларида яратилган шарт шароитлар ҳам ўрганилиб, мавжуд муаммолар бартараф этилди.

Мутасаддилар томонидан амалга оширилган мазкур чора-тадбирлар аҳолининг кайфиятини кўтариб, байрамона кўтаринки руҳ бағишлади.

Text to speech