Ромитанда 60 млн сўмлик телефон ўғирлиги жинояти видеокузатув камераси орқали фош этилди
2020 йил 7 декабрь куни Ромитан тумани Ички ишлар бўлимига, туманнинг А.Навоий маҳалласи Дўстлик кўчасида истиқомат қилувчи, 1981 йилда туғилган “Равшан Нафиса Азиза” Масъулияти чекланган жамият раҳбари, Р.Х. ариза орқали мурожат қилиб, жорий йилнинг 6 декабрдан 7 декабрга ўтар кечаси, номаълум шахс у раҳбарлик қилаётган жамиятга қарашли, туман марказидаги Баҳористон кўчасида жойлашган савдо дўконига эшик ойналарини синдириш орқали ғайриқонуний равишда кириб, савдо дўконидан жами баҳоси 60.000.000 (олтмиш миллион) сўмлик 30 дона “Samsung”, “Redmi” ва “Artel” русумли телефон аппаратларини яширин равишда ўғирлаб кетганлигини маълум қилган.
Мурожаат асосида ҳодиса содир бўлган жойга чиққан туман Ички ишлар бўлими тергов тезкор гуруҳи томонидан кечиктириб бўлмас терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.
Гап шундаки, савдо дўконида видеокузатув камералари ўрнатилган бўлиб, ушбу жиноят 7 декабрь куни соат 01:30 ларда, 20-25 ёшлар атрофидаги эркак жинсига мансуб шахс томонидан содир қилинганлиги камера хотирасига ёзиб қолинган.
Видеокузатув мосламасининг хотирасида ёзиб қолинган видеотасвир ва бошқа далиллар юзасидан олиб борилган тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида, ушбу ўғирлик жиноятини Ромитан тумани Янгиҳаёт кўчасида яшовчи, 1997 йилда туғилган, якка тартибда ишловчи, Р.Н. содир қилганлиги аниқланиб, ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳозирги кунда туман Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Р.Н. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 169-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.