18 Декабр 2020 йил 665

Ромитанда ўз фарздларини моддий таъминлашдан бўйин товлаган ота озодликдан маҳрум этилди

Мажбурий ижро бюро Ромитан тумани бўлими иш юритувида фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро судининг 2017 йил 28 сентябрдаги қарздор С.А.дан ундирувчи Д.М. фойдасига вояга етмаган фарзандларининг таъминоти учун ҳар ойда иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш тўғрисида ижро ҳужжати мавжуд.

Қарздор С.А. вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаб, алимент маблағларини икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаганлиги сабабли Ромитан туман маъмурий судининг 2020 йил 19 февралдаги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддаси билан унга нисбатан 5 (беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Қарздор С.А. маъмурий қамоқ жазоси қўлланилганидан кейин ҳам, ўзига тегишли хулоса чиқармасдан 6 ойдан ортиқ муддатда 22,0 млн. сўм алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган.

Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Ромитан тумани Ички ишлар бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган ва айблов хулосаси билан жиноят иши судга юборилди.

Жиноят ишлари бўйича Ромитан туман судининг 2020 йил 25 ноябрдаги ҳукми билан С.А. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 3 (уч) ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Text to speech