ОГОҲ БЎЛИНГ СОХТА БЛОГЕР. Самарқандда ўзини блогерман - дея таништириб, товламачилик қилган шахс қўлга олинди
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизматининг хабар беришича, Самарқанд шаҳрида жойлашган автомобилларни таъмирлаш корхонаси раҳбари Ў.Д. вилоят ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, ёши тахминан 25-30 ёшларда бўлган ўзини “Фаррух” блогерман дея таништирган шахс, устахона масъуллари устидан аризалар ёзиб, уларни тинч қўймаслигини айтиб, 3 миллион сўм пул талаб қилаётанини маълум қилган ва унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, 1992 йилда туғилган, Самарқанд шаҳар Махтумқули кўчасида яшовчи Ф.С., ариза муаллифидан 2 миллион сўм пулларни товламачилик йўли билан олаётган вақтда далилий ашёлар билан ушланган.
Суриштирувлар давомида ушбу шахс бу каби ҳолатларни бошқа фуқароларга нисбатан ҳам содир қилганлиги аниқланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ф.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда қамоққа олинган.