Шофиркон тумани Дўрмон маҳалласида Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан ўтказилган сайёр қабулда “Темир дафтар”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарига кирган фуқаролардан келиб тушган мурожаатларнинг ижроси таъминланмоқда
Аввал хабар берганимиздек, Бухоро вилояти 3-сектори раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев Шофиркон туманининг энг оғир ижтимоий аҳволда бўлган Дўрмон маҳалласига кўчиб, вилоят ишчи гуруҳ аъзолари билан маҳаллада ётиб ишлаш тизимига ўтган ҳолда куни кеча ушбу маҳалла фуқароларининг мурожаатларини қабул қилган эди.
Ушбу мурожаатлар юзасидан туман мутасаддиларига кам таъминланган ва ижтимоий кўмакка муҳтож “Темир дафтар”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига кирган ишсиз фуқароларга маҳалла ҳудудидаги фермер хўжаликларининг унумдор ва сувга қулай ер майдонларидан ажратиб бериш, уларнинг бу ер майдонларида полиз ва сабзавот маҳсулотлари экиб етиштиришлари учун барча шарт-шароитлар яратиб, мутахассис агрономларни бириктирган ҳолда ва уларнинг назорати остида юқори ҳосилдорликка эришиш имкониятларини ўргатиш бўйича топшириқлар берган эди.
Бугун, эрта тонгдан Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев, туман ҳокими Шукурулла Ҳакимов билан биргаликда ушбу маҳалла фуқаролар йиғинида бир гуруҳ фуқароларга ер участкалари ажратиб бердилар.
Жумладан, ҳудуддаги “Барака омад оқ олтини” фермер хўжалиги ҳисобида бўлган 1 гектар ер майдони, 20 сотихдан 12 нафар, “Шербобо - С” фермер хўжалигига қарашли 80 сотих ер майдони 10 сотихдан 8 нафар фуқароларга ажратиб берилди.
Тенгдошларим қаторида бугун менга ҳам 10 сотих ер берилди ҳамда бизга экин экиш, мўл ҳосил олишда соҳа мутахассислари бириктирилиб, зарур тавсиялар, амалий ёрдам кўрсатиладиган бўлди. Бунинг учун вилоят 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев ҳамда туман ҳокимига чуқур миннатдорчилик билдираман. Менга берилган бу имкониятдан фойдаланиб, юқори ҳосилдорликка эришиш, яхшигина даромад олиш учун бор кучимни сарфлайман, - дейди бошқа экин ерга эга бўлган фуқаролар қатори Нодиржон Раҳмонов.
Бугунги кунда, Шофиркон туманининг ҳар бир маҳалласида Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг таклиф ҳамда тавсияси, вилоят ишчи гуруҳи ва туман мутасаддиларининг саъй ҳаракатлари билан кам таъминланган ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш, уларни даромад манбаига эга қилиш орқали “Темир дафтар, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларидан чиқариш борасидаги бу каби тадбирлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.