Шофиркон туманида 600 АҚШ доллари эвазига уй-жойга бўлган эгалик ҳуқуқини берувчи сохта ҳужжат тайёрлаш орқали фирибгарлик қилган кадастр бўлими ходими қўлга олинди.
Бухоро вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг ҳамкорликдаги ўтказган тезкор тадбири давомида, Давлат кадастрлари палатаси Шофиркон тумани филиали кадастр муҳандиси хизмат мавқеидан фойдаланиб, ўзга бир фуқарони алдаб, унинг ишончини суиистеъмол қилиб, туман қурилиш бўлимининг мансабдор шахсларига пора бериш орқали, унинг Шофиркон тумани, “Султонобод” маҳалласидаги уй-жойини турмуш ўртоғи номига, “якка тартибда уй-жой қурилиши тугалланган биносини фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси”ни тайёрлаш орқали расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, бунинг эвазига ундан 600 АҚШ доллари талаб қилиб, ушбу пулларни фирибгарлик йўли билан олаётган вақтда қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида аниқланишича, Давлат кадастрлари палатаси Шофиркон туман филиали кадастр муҳандиси, туманнинг Султонобод маҳалласи Суғут қишлоғидаги уй-жойга “якка тартибда уй-жой қурилиши тугалланган бинони фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси”ни олиш учун муҳим бўлган, муайян ҳуқуқ берадиган расмий ҳужжат ҳисобланган Шофиркон нохия совети президиумининг уй-жой қуриш учун ер майдони ажратиш тўғрисидаги қарорида компьютер техникаси ёрдамида сохта маълумотлар киритиб, ушбу қарорни қалбаки эканлигини била туриб, уни давлат хизматларига тақдим қилиш учун фуқарога тайёрлаб берган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.