28 Январ 2021 йил 615

Шофиркон туманида ижтимоий тармоқлар орқали фирибгарлик қилган Самарқандлик шахснинг кирдикорлари фош этилди

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан интернет тармоғи орқали фуқароларнинг алданиб қолиш ҳолатлари, хусусан, телеграм ва бошқа интернет тармоқлари фойдаланувчилари томонидан ўзларига номаълум бўлган шахслар томонидан ташкил этилаётган турли электрон савдолар, виртуал ютуқли ўйинларда иштирок этишлари, шахсий пластик карталарининг махфий кодларини номаълум шахсларга маълум қилишлари ёки картадан картага пул ўтказиб беришлари оқибатида ўз маблағларидан бир зумда ажралиб қолаётганликлари ҳақида огоҳликка чорловчи бир қатор материаллар эълон қилинган бўлсада, бироқ, айрим фуқароларимиз билиб-билмай бундайларнинг “қурбони”га айланишлари ҳали-ҳануз кузатилмоқда.

Жумладан, 2020 йилнинг декабрь ойида Шофиркон тумани Шибирғон маҳалласида яшовчи, 1990 йилда туғилган С.Т. туман Ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, ўз мурожаатида номаълум шахс, “Telegram” ижтимоий тармоғидаги “Хоразм бройлер” ва “broiler.uz” каналларидан унга ўзини “Саховат” номли корхона директори Алишер деб таништириб, 70.000.000 сўм эвазига 6 ой муддатга кредит сифатида 3000 дона “ROSS-308” номли бройлер жўжаларини бир ой муддатга етадиган озиқ овқатлари ва ем идишлари билан биргаликда етказиб беришини ҳамда дастлабки тўлов амалга оширилганидан сўнг, маҳсулотларни 4 кун муддат ичида уйигача етказиб берилишини ваъда бериб, унинг ишончга кирган.

Алишер Исмли номаълум шахснинг гапларига ишонган С.Т. 2020 йилнинг 04 сентябрь куни 2.500.000 сўм ва 2020 йилнинг 07 сентябрь куни 4.500.000 сўм миқдордаги пулларни Ш.И. исмли шахс номига расмийлаштирилган &&&&&&&& рақамли ҳисоб рақамига ўтказиб берган.

Аммо номаълум шахс унинг жами 7.000.000 сўм миқдоридаги пулларини фирибгарнлик йўли билан қўлга киритиб, ваъда қилинган махсулотларни келтириб бермасдан алдаб келаётганлигини маълум қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман Ички ишлар бўлими томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Жиноят иши бўйича олиб борилган тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни, Самарқанд вилояти Булунғур тумани Янгиқўрғон маҳалласида яшовчи, 1996 йилда туғилган якка тартибда ишловчи Ш.И. исмли шахс содир қилганлиги аниқланган. 

Ҳозирги кунда жиноят иши юзасидан Ш.И. га нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Шу ўринда фуқароларимиздан ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинаётган ютуқли ўйинлар, турли хилдаги акциялар, электрон савдолар ва шунга ўхшаш бир қатор фирибгарлик ва ўғрилик ҳолатларига дучор бўлмасликлари учун ўзларининг сир сақланиши лозим бўлган пластик карталари рақамларини ошкор қилмасликлари, бировга расмга тушириб бермасликлари ёки оғзаки тарзда маълум қилмасликлари, ўзларига нотаниш шахсларнинг пластик карталарига пул ўтказмаларини амалга оширмасликларини сўраб қолар эдик.

Ҳурматли фуқаролар! Ўзингиз ва яқинларингизга тегишли пластик карта рақамларини (20 талик ва 5 талик яширин кодларни) асло нотаниш шахсларга айта кўрманг! Ёки электрон савдоларда иштирок этиб, ўзингизга нотаниш шахсларнинг банк пластик карталарига пул ўтказмаларини амалга оширманг. Акс ҳолда пулларингиздан ажралиб қоласиз!

Text to speech