1 Феврал 2021 йил 717

Шофиркон туманида ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларни чув туширган фирибгар аниқланди

2020 йил 19 декабрь куни номаълум шахс ўзганинг мол-мулкини алдаш ва ишончни суистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида, Шофиркон тумани Махаллақози маҳалласида яшовчи Ж.А.га телеграм ижтимоий тармоғидаги “Оmad Shou AКSIYA” каналининг бонусли гуруҳига одам қўшиб, 200.000 сўм миқдоридаги пулларни ютиб олганлигини айтиб, унинг пластик картаси ҳамда “cliск” махфий кодини олишга эришиб, пластик карта хисоб рақамидан жами 1.105.000 сўм миқдоридаги пулларни қўлга киритиб, фирибгарлик жиноятини содир қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман Ички ишлар бўлими томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳамда тезкор суриштирув ҳаракатлари олиб борилди.

Олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни Хоразм вилояти Урганч шаҳри Тошкент кўчасида яшовчи, 1996 йилда туғилган Т.М. исмли шахс томонидан содир қилинганлиги аниқланди.

Ҳозирги кунда ушбу шахс томонидан яна нечта шу каби содда фуқароларимизни алдаганлик ҳолатини аниқлаш юзасидан қўшимча тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Шу ўринда фуқароларимиздан ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинаётган ютуқли ўйинлар, турли хилдаги акциялар, электрон савдолар ва шунга ўхшаш бир қатор фирибгарлик ва ўғрилик ҳолатларига дучор бўлмасликлари учун ўзларининг сир сақланиши лозим бўлган пластик карталари рақамларини ошкор қилмасликлари ёки бировга бермасликлари, ўзларига нотаниш шахсларнинг пластик карталарига пул ўтказмаларини амалга оширмасликларини сўраб қолар эдик.

Ҳурматли фуқаролар! Ўзингиз ва яқинларингизга тегишли пластик карта рақамларини (20 талик ва 5 талик яширин кодларни) асло нотаниш шахсларга айта кўрманг! Ёки электрон савдоларда иштирок этиб, ўзингизга нотаниш шахсларнинг банк пластик карталарига пул ўтказмаларини амалга оширманг. Акс ҳолда пулларингиздан ажралиб қоласиз!

Text to speech