Шофиркон туманида яшаш хонадонидаги иссиқхонасида гиёҳвандлик моддаларини экиб етиштиб, мўмай даромад қилишни кўзлаган ота бола гиёҳфурушлар қўлга олинди
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси, шаҳар ва туман ички ишлар органлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда, вилоят ҳудудида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш, эгаллаш, тайёрлаш, олиш, сақлаш ҳамда бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни ўтказиш, истеъмол қилишга жалб этиш, ишлаб чиқариш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноий ҳатти-ҳаракатларга қарши кескин курашиш борасида кенг кўламли махсус тезкор ҳамда профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
2021 йил 09 январь куни Шофиркон туман Ички ишлар бўлими тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, олдиндан олинган маълумотлар асосида, туманнинг Х.Ориф маҳалласида яшовчи, 1952 йилда туғилган нафақадаги С.И. нинг яшаш хонадонидаги ички экин ер майдони кўздан кечирилганда, ер майдонида барпо этилган 2х8=16 м2 дан иборат иссиқхонада жами 450 (тўрт юз эллик) туп, ховлининг ўнг томонида жойлашган 4х8=32 м2 дан иборат яна бир иссиқхонада жами 1690 (бир минг олти юз тўқсон) туп, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Эксперт криминалистика бўлимининг хулосасига кўра "кўкнор гиёҳвандлик ўсимлиги"ни қонунга хилоф равишда экиб, парваришлаб келаётганлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Шунингдек, С.И.нинг хонадонида ўтказилган тинтув тергов ҳаракати давомида, уйининг яшаш хоналаридан бирида экспертиза хулосасига кўра, соф вазни 529,46 граммга тенг бўлган кўп миқдордаги қуритилган ҳолдаги кўкнор хашаги, турли хил ўрамларда бўлган сарғиш ва бинафша ранглардаги, ўзига хос ўткир ҳидли, қуритилган ҳолдаги ўсимлик бошоғи, гулбарглари ва майдаланган бўлакларини сотиш мақсадини кўзлаб сақлаб келаётганлиги аниқланган.
Ушбу хонадонннинг яна бир хонасини кўздан кечириш жараёнида қорамтир-жигар рангли, ўзига хос ўткир ҳидли, юмшоқ ҳолатдаги экспертиза хулосасига кўра, соф вазни 5,91 граммга тенг бўлган кўп миқдордаги "ГАШИШ" гиёҳвандлик воситасини келгусида ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда сақлаб келаётганлиги ҳам аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан туман Ички ишлар бўлими томонидан ота-бола С.И. ва Б.И.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 25,273-моддаси 5-қисми билан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.