Шофиркон туманида содир бўлган “оғир тан жароҳати етказиш” жинояти Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев томонидан кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди
2021 йилнинг 22 май куни соат 16:55 да Шофиркон тумани Ички ишлар бўлими навбатчилик қисмига, туманнинг Саврак маҳалласида яшовчи 1981 йилда туғилган Ш.А. нинг тан жароҳати олиб, туман марказий касалхонасига олиб келингани юзасидан келиб тушган хабар асосида ўтказилган терговга қадар текширув ҳужжатларига кўра, 21 май куни тахминан соат 19:00 ларда Ш.А. спиртли ичимлик ичган ҳолда, уйига меҳмон бўлиб келган қариндошини кузатиш учун уйи олдидан ўтувчи ички автомобиль йўлига чиққан вақтида, йўлдан ўтиб кетаётган оқ рангли “Спарк” русумли автомашинада ҳаракатланиб кетаётган фуқарони ножўя сўзлар билан ҳақорат қилган. Бундан ғазабланган ҳайдовчи Б.В. автомашинасидан тушиб келиб фуқаро Ш.А.ни уриб тан жароҳати етказган ва ҳодиса содир бўлган жойдан кетиб қолган.
Фуқаро Ш.А. Шофиркон тумани тез тиббий ёрдам бўлимига олиб келиниб, кўрсатилган муолажаларга қарамасдан олинган оғир тан жроҳатлари оқибатида шифохонада вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Шофиркон тумани Ички ишлар бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 104-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 26 май куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев туман прокурори, ички ишлар бўлими бошлиғи, бошқа мутасадди идоралар масъуллари, Шофиркон тумани “Саврак” ҳамда “Тинчлик” маҳаллалари раислари ва унинг ўринбосарлари, ушбу иккала маҳалланинг фаоллари ва кенг жамоатчилик иштирокида мазкур оғир жиноят муҳокамасини ўтказди.
Жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, ушбу маҳаллаларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар, профилактик тадбирлар жойига чиқиб ўрганилиб, муҳокама жараёнида ушбу иккала маҳалла мутасаддилари ва ҳуқуқ тартибот маскани профилактика инспекторларининг жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлари ва уларнинг натижадорлиги юзасидан ҳисоботлари тингланди.
Ушбу жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, бунга имкон берган шарт-шароитлар бирма-бир таҳлил қилиниб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида мазкур маҳаллалар мутасаддилари, профилактика инспектори ва бошқа масъул идораларнинг ҳамкорликда амалга оширган ишлари етарли эмас деб топилиб, йўл қўйилган камчиликлар танқидий муҳокама қилинди ва сектор раҳбарлари, тааллуқли идоралар раҳбарлари ва маҳалла вакиллари қаттиқ огоҳлантирилди.
Муҳокама якунида бошқарма бошлиғи Шухрат Алиев ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида чора-тадбирлар белгилаш, “Маҳаллабай”, “Хонадонбай” ва “Фуқаробай” иш тартибини жадаллаштириш, “Хавфсиз хонадон” ва “Хавфсиз ҳовли” тизими бўйича кенг кўламли профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш борасида сектор раҳбарлари, тааллуқли идоралар ҳамда маҳалла масъулларига аниқ ва манзилли топшириқлар бериб, бунда жамоатчилик билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш, айниқса маҳалла фаолларини кенг жалб этиш лозимлиги таъкидлади.