Шофиркон туманида устомон ижтимоий тармоқ фирибгари қўлга тушди.
Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида виртуал фирибгарлик ва ўғирлик жиноятлари ҳақида кўплаб тарғибот ва ташвиқот олиб борилишига қарамасдан, осон даромад ва бойлик орттиришни мақсад қилган айрим фуқароларимиз, огоҳлантиришлардан хулоса чиқармаганликлари учун ижтимоий тармоқ фирибгарларининг тўрига тушиб қолмоқдалар.
Жумладан, номаълум шахс телеграм ижтимоий тармоғидаги “Agrobank INFO” каналидан фойдаланиб, Шофиркон тумани Пашмон маҳалласида яшовчи, 1974 йилда туғилган Ш.И. нинг профилига “Agrobankmobile” иловаси орқали унга 1.417.000 сўм миқдорида ютуқ тақдим қилинганлигини айтиб уни ишонтириб, ушбу пулларни ечиб олиш учун ўзининг профилига Ш.И. нинг пластик картаси ҳамда телефон аппаратига келиб тушган “cliск” кодини олишга эришиб, пластик картаси ҳисоб рақамидан дастлаб 759.250 сўм пулларни ечиб олиб, сўнгра Agrobankmobile иловаси орқали тегишли тасдиқлаш кодларини олишга эришиб, Ш.И.нинг номига 1.417.000 сўм миқдорда микроқарз олиб, пулларни карта ҳисобидан ечиб олиб, фирибгарлик жиноятини содир қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, кечиктириб бўлмас тезкор суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Жиноят иши бўйича олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Фарғона вилояти Риштон тумани Булоқбоши маҳалласида яшовчи, 1999 йилда туғилган М.С. исмли шахс содир қилганлиги аниқланиб, қўлга олинган.
Ҳозирда ушбу шахснинг вилоятимизнинг бошқа ҳудудлари, қолаверса республикамиз бўйлаб бошқа шу каби содда фуқароларга нисбатан ҳам фирибгарлик ёки ўғрилик жиноятларини содир қилган-қилмаганлигини аниқлаш юзасидан дастлабки тергов, тезкор-техник ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар!
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари!
Интернет орқали эълон қилинаётган ютуқли ўйинлар, виртуал спорт мусобақалари ва қимор ўйинлари, турли хилдаги акциялар, электрон савдолар, электрон банк кредитлари ва фоизсиз қарз расмийлаштириш билан боғлиқ ҳамда шунга ўхшаш бир қатор фирибгарлик ва ўғрилик ҳолатларига дучор бўлмаслик учун, сир сақланиши лозим бўлган пластик карта рақамларини, махфий коди ёки паролини бировга ошкор қилманг, суратга тушириб ёки оғзаки тарзда маълум қилманг!