Шофиркон туманидаги 4-сон умумтаълим мактабида беш ташаббус бўйича Ички ишлар бўлими бошлиғи томонидан амалга оширилаётган ишлар.
Шофиркон туманидаги 4-сон умумий ўрта таълим мактаби 1050 ўринли бўлиб, ҳозирги кунда 1495 нафар ўқувчилар 50 та синфга бўлинган ҳолда таълим-тарбия олишмоқда. Икки сменада ташкил этилган дарсларни ўз фанининг моҳир устаси бўлган 125 нафар ўқитувчи-педагоглар юқори савияда олиб боришяпти.
Ушбу таълим даргоҳи тумандаги намунали умумтаълим мактабларидан бири бўлиб, самарали йўлга қўйилган таълим муҳити ва устозлар орасидаги соғлом рақобат натижасида мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари қатор танловларда юқори ўринларни эгаллаб келишмоқда.
Куни кеча мазкур мактабни ўз оталиғига олган туман ИИБ бошлиғи Аваз Эльбеков ушбу зиё масканида бўлиб, бу ердаги ўқув жараёнлари ҳамда 5 та ташаббус доирасида амалга оширилган ишлар натижалари билан яқиндан танишди.
Таълим масканида 5 та йўналиш бўйича 48 та тўгарак, 5 та спорт секциялари ташкил этилган бўлиб, иқтидорли ўқувчиларнинг ютуқлари алоҳида деворий кўргазма орқали акс эттирилган.
Ўқувчи-ёшлар ҳафтанинг ҳар шанба куни ўқитувчилар “Фольклор” ва “Санъат ғунчалари”, сешанба куни “Ёш рассомлар”, чоршанба куни “Ёш қаламкашлар”, пайшанба куни “Ёш актёрлар” тўгаракларида фаол қатнашиб келишмоқда.
Ижодий муҳитнинг яхши ташкил этилгани боис 2020-2021 йиллар ҳам мактаб жамоаси учун омадли йил бўлди.
“Ўзбек тилим-ифтихорим” танловида мактаб ўқувчиси Сабина Эргашева туманда 2-ўринга, “Она тилим – менинг фахрим” танловида шу ўқувчи вилоятда 3-ўринга, “Навоий ва Бобур ижоди билимдони” деб номланган беллашувда мактаб ўқитувчилари-Турсуной Йўлдошева, Дилдора Қодирова, Эътибор Жалоловалар туманда 2-ўринга, “Она тилим–фахрим менинг” шеърлар танловида она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Турсуной Йўлдошева республикада 2-ўринга, “Ўзбек тилим-миллат ғурури” тадбирида мактаб ўқувчиси Кумуш Амонова туманда 1-ўринга, “Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” танловида Диёра Мустафоева туманда 1-ўринга, “Ҳаётга қўшил” лойиҳаси доирасида мазкур ўқувчи республикада рағбатлантирувчи сертификат, “Нурли келажак учун бирлашайлик” кўрик-танловида Диёра Мустафоева вилоятда 2-ўрин, “Ватанимни куйлайман” мусиқий фестивалда мактабнинг “Фольклор” тўгараги аъзолари туманда 1-ўринга, “Конституция ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати” деб номланган иншолар танловида ўқувчи Мироншоҳ Жалолов вилоятда 2-ўринга, “Жаҳолатга қарши маърифат” номли иншолар танловида Моҳинур Ҳамроева туманда 2-ўринга, “Жаҳолатга қарши маърифат” шеърлар танловида Беҳруз Ҳусенов республикада 2-ўринга, “Тил - миллат кўзгуси” танловида Одина Тошпўлатова республикада 2-ўрин, “Маҳаллам-менинг тақдиримда” кўрик-танловида мактабнинг “Ренессанс” жамоаси туманда 1-ўринга, “Энг яхши шеър” йўналишида “Яшил япроқлар” шеъри билан Маржона Баҳодирова вилоятда 1-ўринга, “Аждодлар меросини ўрганамиз” беллашувида мактабнинг “Навоий гулшани” жамоаси туманда 1-ўринга, “Энг яхши миниатюра асари” расмлар танловида Чарос Расулова республикада 1-ўринга, ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва оқибатларини саҳнада намойиш этиш танловида “Энг яхши саҳна асари” йўналишида 4-мактабнинг “Қалқон” жамоаси туманда 2-ўринга сазовор бўлганлар.
2-ташаббус ёшларни жисмоний чиниқтириш, спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган бўлиб, мактабда сешанба-жума кунлари эрталабки бадантарбия машқлари ўтказиб борилади. Муассасада футбол, мини футбол, теннис, шахмат, енгил атлетика, қўл жанги спорт турлари бўйича спорт тўгараклари фаолият кўрсатмоқда.
Спорт тўгаракларининг тизимли йўлга қўйилгани натижасида ўқувчилар “5 ташаббус" номли мактабда спортни ривожлантириш бўйича қилинган ишларни акс эттирувчи видеороликлар танловида республикада 1-ўрин, “Беш ташаббус Наврўзда” номли болалар спартакиадасида “Енгил атлетика” тўгараги иштирокчилари туманда 1-ўринни қўлга киритдилар.
3-ташаббус аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган бўлиб, бу борада мактабда Моҳира Жалолова, Нигора Қўчқорова, Гўзал Жўраева, Гулноза Сулаймоновалар раҳбарлигида тўгараклар ташкил этилган. Мактаб ўқувчи ва ўқитувчилари “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси бўйича 20 га яқин сертификат соҳиби бўлдилар.
4-ташаббус аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш масалалари бўйича мактабда 12 номдаги тўгарак фаолият кўрсатмоқда.
5-ташаббус бўйича “Моҳир қўллар”, “Юмшоқ ўйинчоқлар”, тикувчилик, тўқувчилик, пазандачилик тўгараклари ташкил этилган бўлиб, бу тўгараклар ўқувчи қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича муҳим аҳамият касб этмоқда. Мактабда ҳунар ўрганишга иштиёқманд ўқувчилар орасида турли кўрик-танловлар уюштириб борилмоқда.
Туман ИИБ бошлиғи мазкур ютуқлар ҳақида ҳикоя қилувчи кўргазмали воситалар ва совринларни кўздан кечирар экан, бу даргоҳдан Юртимизнинг кўпгина соҳаларида ўзининг интилиши, ташаббуси, янгича ғоялари билан ҳисса қўша оладиган етук кадрлар етишиб чиқишига ишонч билдирди. Шунингдек, 5265 дона бадиий китоб фондига эга мактаб кутубхонаси ҳам мутасадди раҳбарнинг эътибор марказида бўлди.
Учрашув сўнггида мактабнинг зукко ва билимдон, фаол ўқувчиларига бадиий китоблар совға қилинди.