Шофиркон туманида ИИБ бошлиғи оталиғидаги мактабнинг «Кўлобод» филиали янгидан бунёд этилмоқда
Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Шуҳрат Алиев оталиғига олинган Шофиркон тумани, «Дўрмон» маҳалласида жойлашган 3-сонли умумий ўрта таълим мактабининг «Султонобод» маҳалласидаги «Кўлобод» филиали янги биносининг қурилиш ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда.
Ҳозирда 80 ўринли мазкур янги бинонинг қурилиши жадаллик билан давом эттирилмоқда. Мазкур филиал 1975 йилда шийпон сифатида барпо этилган бўлиб, кейинчалик зарурат тақозоси билан мактаб биносига мослаштирилган. Асосий бинодан 4,5 км узоқликда жойлашган ушбу бинода айни пайтда 30 нафар бошланғич синф ўқувчилари таълим олмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Бухоро вилоятида жойлашган 14 та умумтаълим мактаби Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва шаҳар, туман Ички ишлар органлари бошлиқлари томонидан оталиққа олиниб, айни пайтда мазкур мактабларнинг барчасида моддий-техник базани мустаҳкамлаш, ўқувчиларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этиш, улар орасида ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг келиб чиқиши олдини олиш мақсадида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.