Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари генерал-майор Баҳодир Мирзарахимов иштирокида “Ёшлар билан боғлиқ ҳолат оғир бўлган ҳудудларда олиб борилаётган профилактик чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қўшма қарор талаблари асосида Шофиркон тумани ва ушбу туманнинг “Тезгузар” маҳалласи ёшлари билан учрашув ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида жорий йилнинг 13 апрель куни “Мамлакатимизда ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари” мавзусида ўтказилган видеоселектор йиғилишининг 18-сон баёни 42-банди ижросини таъминлаш мақсадида, “Ёшлар билан боғлиқ ҳолат оғир бўлган ҳудудларда олиб борилаётган профилактик чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида” ги Қўшма қарор ишлаб чиқилган эди.
Мазкур қўшма қарор асосида ёшлар билан ишлаш бўйича намунавий тажриба тариқасида танланган Бухоро вилоятининг Шофиркон тумани ва ушбу туманнинг “Тезгузар” маҳалласида жорий йилнинг 20 май кунидан бошлаб ёшлар билан ишлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, айниқса уюшмаган ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида бир қатор амалий ишлар амалга оширилган бўлиб, иш натижалари республика ишчи гуруҳлари томонидан ўрганилиб амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Бугун, тасдиқланган график асосида Ўзбекистон Республикаси ИИВ, Ёшлар ишлари агентлиги, Миллий гвардия ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъул раҳбарлари, вилоят ҳокимлиги ва бошқа мутасадди идоралар вакилларининг ҳамроҳлигида куннинг биринчи ярмида Шофиркон тумани марказидаги Боғишамол мажмуасида 200 нафардан ортиқ туман ёшлари, куннинг иккинчи ярмида Тезгузар маҳалла фуқаролар йиғинида мазкур маҳалланинг 70 нафарга яқин ёшлари билан юзма-юз учрашдилар.
Тадбир аввалида ёшларни Ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида вилоят Ички ишлар бошқармаси махсус хизматлари томонидан кўргазмали чиқишлар ва жанговар қуроллар намойиши бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал майор Баҳодир Мирзараҳимов, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар Ишлари агентлиги директор ўринбосари Фаррух Омонов, Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи полковник Шуҳрат Алиев ҳамда Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Мирали Ҳамроевлар иштирок этиб, ёшларнинг муаммоларини ўрганиб, уларнинг турли масалалардаги мурожаатлари, талаб таклифларини тингладилар.
Бунда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ҳудудларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш билан боғлиқ давлат дастурларининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб қилиниб, асосий эътибор, ушбу йўналишларда ишларни янада жадаллаштириш, ёшларнинг турли масалалардаги мурожаатларини жойида бартараф этишга қаратилди.
Тадбир давомида ёшлар томонидан билдирилган мурожаат, таклиф ҳамда тавсиялар белгиланган тартибда қайд этилиб, мутасадди идора раҳбарларига аниқ ва манзилли топшириқлар берилди ва ижроси алоҳида назоратга олинди.