Шофирконда ўғирлик жиноятини содир қилган 18 ёшли шахс ашёвий далиллар билан қўлга олинди
2020 йил 14 ноябрь куни соат 10:00 дан соат 14:30 гача бўлган вақт оралиғида номаълум шахс Шофиркон туман Денов МФЙда яшовчи, 1977 йилда туғилган О.Ҳ. нинг уйи эшиги очиқ қолдирилганлигидан фойдаланиб, ушбу уйга ғайриқонуний равишда кириб, жабрланувчига тегишли бўлган 305 АҚШ доллари, 13.000.000 сўм нақд пуллари, 2 дона жами баҳоси 6.000.000 сўмлик аёллар тилла узукларини, 1 жуфт баҳоси 5.400.000 сўмлик аёллар тилла зирагини ўғирлаб, жабрланувчига жами 27.565.558 сўм моддий зарар етказиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Шофиркон тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 169-моддаси (ўғирлик ) билан жиноят иши қўзғатилиб, кечиктириб бўлмас терговга қадар текширув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Туман Ички ишлар бўлими тезкор ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни жабрланувчининг ҳамқишлоғи 2002 йилда туғилган 18 ёшли Ш.Р. исмли шахс содир қилганлиги аниқланиб, ундан ўғирлаб кетилган тилла буюмлар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олиниб, ашёвий сифатида эътироф этилди.
Ҳозирги кунда жиноят содир этганликда гумон қилинаётган Ш.Р. исмли шахсга нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлар давом эттирилмоқда.