30 Октябр 2020 йил 534

Шофирконда жабрланувчига кўп миқдорда моддий зарар етказган ҳолда содир этилган ўғирлик жинояти фош этилди

Жорий йилнинг 17 октябрь куни Шофиркон тумани Ички ишлар бўлимига туманнинг Денов маҳалла фуқаролар йиғини Работ қишлоғи 52-уйда яшовчи, 1970 йилда туғилган Рустамова Зумрад Юсуповна ариза билан мурожаат қилиб, 2020 йилнинг 16 октябрь кунидан 17 октябрга  ўтар кечаси номаълум шахс, унинг яшаш уйида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ётоқхонада бўлган темир сейфни, шу хонада қолдириб кетилган калити ёрдамида очиб, сейф ичидан 1000 АҚШ доллари, 10.000.000 сўм нақд пуллари, жами баҳоси 62.109.000 сўмлик турли хилдаги тилла тақинчоқларини яширин равишда ўғирлаб олиб, унга жами 82.479.000 сўмлик кўп миқдордаги моддий зарар етказиб, ҳодиса содир бўлган жойдан яширинганлигини билдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 169-моддаси (ўғирлик) 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Ушбу оғир турдаги жиноятни фош этиш мақсадида вилоят Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси масъул ходимлари ҳамда туман Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси терговчиси раҳбарлигида тузилган тергов-тезкор гуруҳи томонидан кечиктириб бўлмайдиган тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатларининг ўз вақтида, ҳар томонлама ва тўлақонли амалга оширилиши натижасида мазкур жиноятни Бухоро шаҳар, Кўксарой кўчасида яшовчи, 1998 йилда туғилган якка тартибда ишловчи, Р.И. содир қилганлиги аниқланиб, ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Шу ўринда фуқароларимиздан ўзларига тегишли бўлган мол-мулкларини қаровсиз қолдирмасликлари, қимматбаҳо буюмлари, нақд пуллари ва бошқа мол-мулкларини талон-торож қилинишини олдини олиш мақсадида хонадонлари, савдо дўконлари ва бошқа турдаги бино-иншоотларига кузатув камераларини ўрнатишлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардия Қўриқлаш хизмати билан шартнома тузган ҳолда қўриқловга топширишлари тавсия этилади.

Бухоро вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси

Text to speech