6 Феврал 2023 йил 656

Таиландга ишга жўнатмоқчи бўлган фирибгар ушланди

Бугунги кунда чет мамлакатларда даромадли иш топиб бериш билан фуқароларни қизиқтириб, уларнинг ишончига кириб, мисқоллаб йиққан мол мулкларини алдов йўли билан қўлга киритаётган фирибгарлар тўғрисида оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали бот-бот эълон қилиниб, хорижий мамлакатларга ишга юборишнинг қонуний асослари юзасидан маҳаллаларда, меҳнат жамоалари ва таълим муассасаларида қатор тарғибот ва ташвиқот тадбирлари олиб борилмоқда.

Шунга қарамай, айрим фуқароларимизнинг ўзлари ноқонуний йўлларни танлаб, фирибгарлик қурбонига айланмоқдалар.

Жумладан, фуқаро Г.М. ҳам хорижий мамлакатларга бориб, мўмай даромад топишни орзу қилиб юрганда О.Р. га дуч келади.

O.Р. унинг соддалиги ва ишонувчанлигидан фойдаланиб, алдаб, уни Таиланд давлатига ишга юбориш учун ваколатли танишлари орқали виза олиб бериш ҳамда Таиланд давлатида яшовчи танишлари орқали энага вазифасига ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 6000 АҚШ доллари талаб қилади.

Вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан 2023 йил 31 январь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида O.Р. Бухоро шаҳрида жойлашган РШТЁИМ Бухоро филиали рўпарасида талаб қилинган пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Text to speech