Таркибида гиёвандлик моддаси бўлган ўсимликни ўз томарқасида парваришлаб келаётган шахснинг қилмишлари фош бўлди
Бугунги кунда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси томонидан, шаҳар ва туман ички ишлар органлари, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, ҳамкор корхона, ташкилот ва муассасалар ҳамда кенг жамоатчилик билан биргаликда бир қатор тезкор профилактик ҳамда қидирув тадбирлари амалга ошириб келинмоқда.
Бунда асосий эътибор, содир этилиши мумкин бўлган, тайёрланаётган жиноятларни олдини олиш, муқаддам содир этилиб очилмасдан қолган жиноятларни фош этиш, жиноят содир этиб, суриштирув, дастлабки тергов ҳамда суд идораларидан қочиб юрган шахсларнинг яшириниб юрган жойларини аниқлаш масалаларига қаратилган.
Ана шундай тадбирларнинг бири жорий йилнинг 12 октябрь куни Бухоро шаҳар худудида ўтказилиб, олинган тезкор маълумотлар асосида, Хавзинав кўчасида яшовчи 1957 йилда туғилган А.К.нинг ҳовлиси кўздан кечирилганда, унинг томарқа ерида, етиштирилиши тақиқланган ўсимликлар туркумига кирувчи, таркибида гиёвандлик моддаси (тетрагидроканнабинол) бўлган 2 туп “Каннабис” ўсимлигини қонунга хилоф равишда экиб парваришлаб келаётганлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан А.К. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 270-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.