Қўл жанги бўйича “вилоят ҳокими кубоги” мусобақаларида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси жамоаси биринчи ўринни эгаллади.
Бухоро вилояти «Динамо» Жисмоний тарбия ва спорт жамияти кенгашининг тақвимий режасига асосан, жорий йилнинг 22 декабрь куни Бухоро шаҳридаги “Хумо” спорт мажмуасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар жисмоний тарбия жамоалари ўртасида спортнинг «Қўл жанги» тури бўйича “вилоят ҳокими кубоги” мусобақалари ўтказилди.
Мусобақадан кўзланган аососий мақсад, ҳуқуқ тартибот идоралари ходимларининг жисмоний таёргарлиги ва маҳоратини ошириш, ходимлар ва кенг жамоатчилик ўртасида соғлом турмуш тарзини татбиқ этиш ва оммавий спортни ривожлантиришдир.
Тадбирнинг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Б.Шахриёров иштирок этиб, мусобақа иштирокчиларини самимий муборакбод этиб, беллашувларда омадлар тилади.
Барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари, спорт фахрийлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мусобақа давомида ҳар бир жамоа ўз имкониятларини синовдан ўтказди. Мусобақа юқори савияда, муросасиз баҳсларга бой бўлди. Ушбу тадбир жамоаларни жипслаштириб, ходимларнинг спорт соҳасига бўлган қизиқишларини янада юксалтиришга, албатта соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Бу каби мусобақалар, нафақат ходимларимизнинг соғлигига балки уларнинг жисмоний ва ақлий тайёргарлигини янада кучайтиришга ҳам хизмат қилиши муқаррар.
Мусобақанинг муросасиз кечган курашларида вилоят Ички ишлар бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардия вилоят бошқармаси, 34512, 7536, 28803-сонли ҳарбий қисмлар ва Амир Темур спорт клуби спортчиларидан иборат жамоалар 8 вазн тоифасида ўзаро беллашишди.
Мусобақа якуний натижаларига кўра, I ўринни, мусобақани 4 та олтин ва 4 та кумуш медаллар билан якунлаган Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси жамоаси, II ўринни – Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Бухоро вилояти бўйича бошқармаси жамоаси, III ўринни – 28803-сонли ҳарбий қисм спортчиларидан таркиб топган жамоа қўлга киритди.
Юқори натижаларга эришган жамоалар ва спортчилар кубок ва медаллар ҳамда вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.