18 Май 2021 йил 719

Ўғрини қўл бармоқ излари фош қилди

2021 йил 06 май куни Ғиждувон тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига туманнинг Ф.Хўжаев маҳалласида истиқомат қилувчи, 1976 йилда туғилган М.Н. исмли аёл мурожаат қилиб, “Хўжаи Жаҳон” савдо комплексида жойлашган унга тегишли бўлган “Е” блок 125-сонли савдо дўконига номаълум шахс ғайриқонуний равишда кириб, савдо дўкони ичидан умумий баҳоси 8.000.000 (саккиз миллион) сўмлик 45 турдаги аёллар кийимларини ўғирлаб кетганлигини баён қилган.

Мазкур ҳолат навбатчилик қисмида тегишли тартибда қайд қилиниб, ҳодиса содир бўлган жой туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тергов-тезкор гуруҳи томонидан кўздан кечирилган.

Ҳодиса содир бўлган савдо дўкони кўздан кечирилганда эксперт криминалист томонидан дўконга кириш эшиги ва жиҳозлардан жами 10 дона қўл бармоқ излари олинган ва ҳолат юзасидан туман ИИОФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 169-моддаси 2-қисм “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари  олиб борилган.

Жиноят иши бўйича ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш жараёнида олинган қўл бармоқ излари юзасидан дактилоскопик экспертиза тайинланган.

Воқеа жойидан олинган 10 дона қўл бармоқ излари Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Эксперт криминалистика бўлимида мавжуд “Автоматлаштирилган дактилоскопик идентификацион тизим” орқали текширилиб, қўл бармоқ излари устида криминалистик тадқиқот ўтказилганда, 10 дона қўл бармоқ изларидан 7 таси дўкон эгаларига, 3 таси бошқа шахс яъни Ғиждувон тумани Гулистон маҳалласида яшовчи, 1984 йилда туғилган Қ.С. исмли шахсга тегишли эканлиги аниқланган.

Жиноят иши бўйича гумон қилинувчи сифатида жалб этилган Қ.С. билан олиб борилган тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни ҳақиқатдан ҳам айнан у содир қилганлиги аниқланиб, ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ҳозирги кунда Қ.С.нинг вилоят ва туман ҳудудида содир этилиб фош этилмасдан қолаётган шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш юзасидан тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Text to speech