Ўтказилган ҳамкорликдаги тезкор тадбирда “Дорихонаси”да таркибида гиёҳвандлик модда бўлган дори воситаларини сотишни мақсад қилган Ғиждувонлик шахс аниқланди
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси ва унинг жойлардаги бўлим ҳамда бўлинмалари томонидан вилоят ҳудудида гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш, эгаллаш, тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни ўтказиш, истеъмол қилишга жалб этиш, ишлаб чиқариш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноий ҳатти-ҳаракатларга қарши кескин курашиш борасида кенг кўламли тезкор ҳамда профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири вилоятнинг Ғиждувон туманида ўтказилди.
2020 йил 14 ноябрь куни соат 16:00ларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув бош бошқармаси, Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси ва Ғиждувон туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Ғиждувон туман “Чорсу” МФЙ Чорсу кўчасида жойлашган “Пулс мед фарм” МЧЖ раҳбари 1973 йилда туғилган М.Т. ўзига қарашли дорихонада таркибида соф вазни 7.4 граммга тенг бўлган кўп миқдордаги “фенобарбитал” психатроп моддаси бўлган, 37 та дори ўрамидаги жами 370 дона дори таблеткаларини, шунингдек таркибида соф вазни 0.4 граммга тенг бўлган кўп миқдордаги “трамадол гидрохлорид” психатроп моддаси бўлган 4 дона “Трамадол” дори ампулаларини ва таркибида соф вазни 3,675 граммга тенг бўлган кўп миқдордаги “трамадол гидрохлорид” психатроп моддаси бўлган 10 дона дори ўрамидаги жами 98 та таблеткаларни келгусида сотиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда сақлаб келаётганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан М.Т. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25, 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.