Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳиясининг мусиқаси бастакори Мутал Бурхонов уй музейига саёҳат уюштирилди
Серқуёш ҳур ўлкам элга бахт нажот...
Ушбу мисралар билан бошланадиган шеърга басталанган куйни эшитган ҳар бир юртдошимиз борки, ўзида катта ғурур ва ифтихорни туяди.
1992 йил 10 декабрь куни Ўзбекитон Республикаси Давлат Мадҳияси қабул қилинган кун. Унинг сўзлари биз билан замондош, “Ўзбекистон Қахрамони” унвони соҳиби бўлган севимли шоиримиз Абдулла Орипов қаламига мансуб бўлиб, мусиқаси Ўзбекистон халқ артисти, ўзбек композиторлик мактаби асосчиларидан бири, серқирра ижодкор Мутал Бурхонов томонидан басталанганлигини юртимизда яшаётган ҳар бир ёшу-қари бирдек билади.
Бугун ушбу сана муносабати билан Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Кадрлар бошқармаси ички ишлар органларидаги хотин-қизлар масалалари ҳамда ёшлар билан ишлаш бўйича гуруҳлари масъул ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ Бухоро Академик лицейи ўқувчилари иштирокида Бухоро шаҳар Баҳовуддин Нақшбанд кўчасида жойлашган «Мутал Бурхонов уй музейи» га саёҳат уюштирилди.
Мадҳиямиздаги бундай ажойиб, қалбларга етиб бориб, фахр ҳиссини уйғотувчи бу куй бастакори, азим Бухоро фарзанди Мутал (Мутаваккил) Музайинович Бурхонов, 1916 йил 5 май куни Бухорои шарифда таваллуд топиб, шу ерда яшаб ижод қилган. Биринчи ўзбек хор жўрлиги асарлари муаллифи Мутал Бурхонов олтмиш йилдан ошиқроқ вақт давомида, ижодий иш билан шуғулланиб, турли жанрларда мусиқали бадиий асарлар яратган, бадиий фильмлар ва спектаклларга мусиқалар ёзган. У томонидан яратилган “Алишер Навоий” операси, “Мангу хотира” марсияси, “Мафтунингман”, “Бой ила хизматчи” каби кўплаб бадиий фильм мусиқалари “Олтин фонд”дан муносиб ўрин эгаллаган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йилда ташкил этилган Мутал Бурхонов уй-музейида бастакорнинг болалик йилларини акс эттирувчи фотосуратлар, ижод хонасида чолғу асбоблари, эсдалик совғалар, китоблар, ҳужжатлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳиясининг ноталари билан ёзилган нусхаси, унинг ижодини эътироф этиб тақдирланган орден ва медаллари, давлат мукофотлари омма эътиборига ҳавола қилиниб келинмоқда.
Эришган буюк ютуқларидан ўзлигини йўқотмаган бу инсон камтарона ҳаёт тарзига эга бўлган. Қатағон даврида кўп зулм кўрган ижодкор, бу азобларни келажакда туғилажак фарзандларига раво кўрмаганлиги учун оила қурмаган. 1996 йилда юртимиз мустақиллиги даврида берган интервьюларидан бирида, “Агар шундай озодлик, ҳурлик даври келиб, жаннатмакон юртимизда ҳар бир фуқаро учун шундай шароитлар яратилишини билганимда эди, албатта оила қуриб фарзандларим дунёга келишини истаган бўлар эдим”- деб айтган.
Ташриф жараёнида ёшлар буюк композиторнинг ҳаёт йўли ва у қолдирган улкан мерос билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди.