10 Апрел 2021 йил 587

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси ҳамда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳакорлигида ўғирлик жиноятларини барвақт олдини олишнинг Бухоро вилояти методикаси яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил  26 мартдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг яхлит тизимини шакллантиришнинг устувор йўналишларини илгари суриш билан бирга, ички ишлар органлари тизимидаги ислоҳотларнинг янги даврини бошлаб берди.

Хусусан, ҳар бир маҳалла, оила ва шахс кесимида жиноятчиликнинг сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш орқали ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишга оид муаммоларни бевосита жойларнинг ўзида ҳал этиш, ҳудудларда жиноятчилик аҳволидан келиб чиқиб, ҳар бир туман, шаҳар ва маҳаллаларни тоифаларга ажратиш ҳамда ҳокимликлар, секторлар ва жамоатчилик билан ҳамкорликда «жиноят ўчоқлари»ни бартараф этиш учун барча зарур куч ва воситаларни жалб қилиш бугунги кундаги энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Дарҳақиқат, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида умумий тартиб-таомиллар асосида ёндашишга нисбатан, ҳар-бир ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиқиб ишни ташкил қилишнинг афзаллигини даврнинг ўзи исботлаб турибди.

Боиси, жаннатмакон юртимизнинг ҳар бир ҳудуди: аҳолисининг таркиби, машғулоти, ҳудудий-географик жойлашуви, урф-одатлари, иқтисодиёти, ижтимоий қадриятлари, криминоген вазият, ҳуқуқбузарликларнинг сифат ва миқдор кўрсаткичлари ҳамда динамикаси, бошқа хусусиятларига кўра бир-биридан фарқ қилади.

Бу борада шубҳасиз, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан  илгари сурилаётган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ҳар бир ҳудуднинг ўз тажрибалари бўлиши тўғрисидаги раҳбарий ғоялари асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Жумладан, давлат раҳбарининг маърузаларидан бирида бу борада «Одамлар тинч яшаши учун бутун мамлакатимизда жиноятдан ҳоли муҳит яратишимиз шарт.

Ҳар бир жиноят ёки ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича ҳар қайси ҳудуд ўз тажрибасини яратиши керак», дея таъкидлаган эди.

Шу асосда, 2021 йил 26 март куни Ички ишлар вазири раислигида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари иштирокидаги “Ички ишлар органлари фаолиятида янги тизим жорий этиш, ҳудудларда жиноятчиликни жиловлаш ва аҳоли билан манзилли ишлашга қаратилган йиғилишда давлатимиз раҳбарининг маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш, жамоат хавфсизлиги ва фуқаролар осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликни олдини олишда “маҳаллабай” ва “фуқаробай” иш ташкил этиш билан бирга келгусида “хавфсиз ҳовли” ва "хавфсиз хонадон" тизимини яратиш борасида берган қатор вазифалари ижросини таъминлашнинг механизмини яратиш юзасидан топшириқлар белгилаб берилган эди. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 2021 йилнинг 12 февраль куни ўтказилган Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши, шунингдек жорий йилнинг 17 март куни Ички ишлар вазири ҳамда вилоят хокими иштирокида бўлиб ўтган йиғилиш баёнида ўғрилик жиноятларини барвақт олдини олиш бўйича Бухоро вилояти методикасини яратиш ҳақидаги топшириқнинг қўйилиши ҳам бежизга эмас. Чунки, биргина 2020 йил якунларига кўра вилоятда умумий жиноятчилик таркибида ўғрилик жиноятларининг улуши кескин ортишига йўл қўйилган. 

Хусусан, вилоятда 2019 йил 12 ойида 357 та ўғрилик жиноятлари қайд этилган бўлса, 2020 йилнинг шу даврида бу рақам 453 тани ташкил этиб, олдинги йилга нисбатан 127 фоизга ўсган.

Шунингдек, 2021 йилнинг биринчи чорагида 90 та ўғрилик жиноятлари содир этилган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 204,5 % фоизга ортган. 

Содир этилган ўғрилик жиноятлари орасида интернет тармоғи орқали содир қилинаётган ўғриликларнинг салмоғи ортиб бораётгани, яъни, 283,3 фоизга кўп содир қилингани Бухоро вилоятида содир этилган ўғриликларни чуқур таҳлил қилган ҳолда, уларни барвақт олдини олиш методикасини яратиш заруратини вужудга келтирган.

Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида ИИВ Академиясидан бир гуруҳ профессор-ўқитувчилардан иборат ишчи гуруҳ ташриф буюриб, “Ўғрилик жиноятларини барвақт олдини олишнинг Бухоро вилояти методикаси” номли методик ва амалий қўлланмани яратиш бўйича фаолият олиб борди.

Ўрганиш натижаларига кўра, қайд қилинган ўғрилик жиноятларининг аксарияти жабрланувчиларнинг бепарволиги ҳамда мол-мулкларининг қаровсиз қолдиришлари натижасида содир этилганлиги. Шунингдек, интернет тармоғи орқали содир қилинаётган жиноятларнинг ортиб бораётганлиги маълум бўлмоқда.

Шундай экан, келгусида давлат, жамият ва фуқароларнинг мол-мулкларини қўриқланишини кучайтириш, жиноятларни олдини олиш ва унга қарши кураш фаолиятига янги замонавий ҳамда инновацион технологияларни кенг жорий этиш, хусусан, аҳоли яшаш пунктлари ва бошқа турдаги объектларда “фидокор ёшлар” ҳамда фаол фуқаролардан иборат кўнгилли жамоатчилик масканлари ишини янада яхшилаш ва улар билан ўзаро тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш лозимлигини кўрсатади.

Бундан ташқари, жамоат тузилмалари ва фуқароларнинг барча турдаги салбий ижтимоий иллатларга бўлган муросасизлик ҳиссини шакллантириш, уларнинг жамият ҳаётидаги ролини ошириш ҳам бу борада эътиборга олиниши лозим бўлган ишлардан бири ҳисобланади.

Мазкур ўқув-методик қўлланмада  ёритилган  масалалар ва чора-тадбирларни амалга оширилиши ўғрилик  жиноятлари профилактикаси самарадорлигини ошириш билан бир қаторда жамият аъзоларининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлайди ҳамда ҳудудда ўғрилик жиноятини барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Text to speech