23 Январ 2021 йил 546

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Бухоро Академик лицейи ўқувчилари ўртасида эълон қилинган “Китобхонлик ойлиги” доирасида тадбирлар ўтказилмоқда

Мамлакатимизда ёшларга бўлган эътиборни кучайтириш, уларни маданият, санъат ва спортга кенг жалб этиш мақсадида Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг тўртинчиси – ёшлар маънавиятини юксалтириш ва улар ўртасида китобхонлик маданиятини тарғиб қилиш мақсадида Ички Ишлар вазирлиги Бухоро академик лицейида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Академик лицей ўқувчи ва ўқитувчиларининг талаб ва истакларини қондириш ҳамда лицей кутубхона фондини бойитиш мақсадида 2020 йилнинг октябрь ойида 4 млн сўмга яқин 43 номдаги ўзбек адибларининг сара  асарлари харид қилинди. “Бу йилда ўқиш зарур бўлган 100 китоб” тарғиботи доирасида ўқувчиларнинг интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтириш мақсадида ҳар бир курс кесимида ҳар ойда ташкил этиладиган китобхон танловлари шулар жумласидандир.

Академик лицейда ташкил этилган китобхонлик ойлиги доирасида 2020 йилнинг декабрь ойи учун академик лицейнинг 2-босқич ўқувчилари ўртасида эълон қилинган Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” романини ўқиб ўрганиш натижалари юзасидан жорий йилнинг 21-22 январь кунлари ўқувчилар билимлари синовдан ўтказилди. Танлов 3-босқичда ташкил этилди: асар юзасидан тузилган тест, саволларга жавоб бериш ва асардан олинган парчани шарҳлаш. Ўқувчилар тестларни ишлаш, саволларга жавоб бериш жараёнида ўз билим ва маҳоратларини кўрсатиб берган бўлсалар, асардан олинган парчаларни катта ҳис-ҳаяжон билан шарҳлаб бердилар. “Бу рамзий асарда муаллиф бутун умр далада кетмон чопиб, серқуёш ўлкада елкаси офтоб кўрмаган, қут-барака юртида косаси оқармаган мунис ўзбек халқи сиймосини Деҳқонқул образи тимсолида бадиий талқин этади”, – дейди танлов ғолиби Қ.Тўраев.

50 га яқин ўқувчи иштирок этган якуний танловда Қодир Тўраев, Нодир Идиев, Жонибек Жумаев, Дилрабо Рамазоновалар фаол иштирок этдилар ва ғолибликни қўлга киритдилар.

Ўтказилаётган бу каби танловлар ўқувчиларда китобхонлик маданиятини шакллантириш баробарида китобга бўлган меҳрни оширади ва ватанпарварлик туйғусини шакллантириб маънавий дунёқарашини бойитади.

Text to speech