Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти Бухоро филиалида онлайн семинар тренинг ўтказилди
Бухоро вилояти ИИБ Кадрлар бошқармаси маъсул ходимлари назорати остида жорий йилнинг 2 октябрь куни Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан тасдиқланган “Одам савдосига қарши курашишга масъул бўлган ички ишлар органлари ходимларининг касбий билимларини ошириш бўйича тренинг курсларининг ўқув дастури” асосида ички ишлар органларида одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш йўналишида хизмат олиб бораётган ходимларнинг билимлари, амалий кўникма ва малакаларини ошириш мақсадида 2020 йилнинг 26-27 октябрь кунлари ИИВ Малака ошириш институтининг Бухоро филиалида одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси аъзолари, Ички ишлар вазирлиги Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси ходимлари ҳамда Малака ошириш институтининг профессор-ўқитувчилари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасадди ходимлари иштирокида онлайн семинар-тренинг машғулотлари ўтказилди.
Тренинг курсларини юқори савияда ўтказиш мақсадида, машғулотлар учун маъруза материаллари, кўргазмали слайдлар, зарурий методик материаллар ҳамда тайёрланган бошқа зарурий ҳужжатлар ходимлар эътиборига тўлиқ етказилди.
Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси аъзолари, Ички ишлар вазирлиги Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси масъул ходимларининг тасдиқланган ўқув дастури бўйича маърузалари тингланди ҳамда тренинг қатнашчиларини қизиқтирган барча саволларга жавоб берилиб, мавжуд муаммоларнинг ечими бўйича томонлар фикр алмашишди.
Шунингдек, тренинг курсларида вилоят ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси масъул ходимларининг кун тартибидаги мунозарали мавзулар бўйича фикр-мулоҳазалари, талаб ва таклифлари тингланди.