27 Январ 2021 йил 613

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институтининг Бухоро филиали ўқув базасида ички ишлар органларига янгидан қабул қилинган ёш ходимларнинг касбий тайёргарлиги ва малакасини ошириш бўйича ўқув машғулотлари якунланди

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги ПҚ-3216-сонли “Ички ишлар органларининг ходимларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ҳамда Бухоро вилоят ИИБ нинг  буйруғи асосида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институтининг Бухоро филиали ўқув базасида ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими (бўлинма) таянч пунктлари профилактика инспектори лавозимларига 14 нафар ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига 16 нафар янги ишга қабул қилинган ходимлар билан касбий тайёргарлик ва малака ошириш ўқув йиғинлари ниҳоясига етказилди.

Ўқув йиғинида жами 30 нафар ёш ходимлар иштирок этди.

Машғулотларни сифатли ва юқори савияда ташкил этиш мақсадида таълимнинг замонавий интерфаол услублари ҳамда инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилди.

Малакали мутахассислар ва ўқув дарсликларига бўлган заруратни инобатга олиб, ички ишлар органлари соҳавий хизматлари томонидан ўз йўналишлари бўйича тақдим қилинган ўқув мавзулари, маъруза матнлари ва зарурий методик материаллар юзасидан алоҳида ўқув дастури ишлаб чиқилиб, таълим жараёнларига ИИВ Бухоро академик лицейининг соҳада бой амалий тажрибага эга бўлган ўқитувчилари жалб этилди.

Жараёнда асосий эътибор, ходимлар томонидан ички ишлар органлари фаолиятини белгилаб берувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва Қарорлари, Ички ишлар вазирлигининг тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари мазмун-моҳиятини чуқур ўргатишга қаратилиб, уларни амалиётда тўғри қўллаш ҳамда миллий қадриятларимиз, ватанпарварлик, ҳалоллик, меҳнатсеварлик, она Ватанга, халқимизга садоқат билан хизмат қилиш борасидаги маънавий-маърифий дарслар ҳам ўтказилди.

Ўқув дастурига мувофиқ дарс машғулотлари амалий тартибда ҳам ташкил этилиб, автомобиль йўлларида пиёдалар ва автотранспортлар ҳаракатини тартибга солиш, транспортда жамоат хавфсизлиги, кўча ва жамоат жойларида ҳамда оммавий тадбирлар давомида жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, уни жиловлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, бунда ички ишлар органларининг бошқа соҳавий хизматлари, давлат органлари ва ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорликни тўғри йўлга қўйишнинг тезкор усул ва услублари ўргатиб борилди.

Шу билан бирга, ёш ходимларнинг таклифлари асосида уларни чет тиллари бўйича ўқитиш чоралари кўрилиб, ИИВ Бухоро академик лицейи ўқитувчилари томонидан инглиз ва рус тиллари бўйича ҳам машғулотлар ўтказилди.

Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди, МОМБ махсус отряди, Кадрлар бошқармаси ходимлари билан ҳарбий техника, жанговар қурол ва махсус воситаларнинг тактик-техник хусусиятлари, табель қуролидан фойдаланишнинг тартиб-қоидалари, ўқ отишда хавфсизлик қоидалари ва чоралари, шахсий ҳимоя, қўл жанги усуллари ҳамда чуқурлаштирилган саф тайёргарлиги бўйича ўтказилган амалий-тактик машғулотлар давомида тингловчилар ўзларининг бу соҳадаги касбий кўникмаларини оширдилар.

Ўқув курси якунида ёш ходимлардан белгиланган тартибда синовлар олиниб, касбий билимларни ўзлаштириш даражаларига баҳо берилди ва синовларни муваффақиятли топширган ходимларга белгиланган намунадаги сертификатлар тантанали равишда топширилди.

Text to speech