Ўзбекистон Республикаси ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш Департаменти масъуллари томонидан Бухоро вилояти ИИБ ЙҲХБ шахсий таркиби ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамалашга бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Бугун, Бухоро вилояти ИИБ раҳбарияти ва Ўзбекистон Республикаси ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш Департаменти масъул ходимлари томонидан Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси шахсий таркиби билан ходимлар ўртасида хизмат интизоми ва қонунчилик талабларини мустаҳкамлаш борасида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишни полковник Шухрат Алиев кириш сўзи билан очиб, бугун юртимизда кенг кўламли ислоҳотлар жадал суръатларда амалга оширилаётганлиги, қатор соҳаларда ижобий янгиликлар бўлаётганлиги, шу қаторда ички ишлар органлари тизимида ҳам кўламли ўзгаришлар амалга оширилиб, Юртбошимизнинг соҳа ривожи йўлида қатор фармон ва қарорлари қабул қилинганлигини, албатта буларнинг барчаси ходимларнинг хизмат ва турмуш шаротларини яхшилаш, уларга қулай имкониятлар яратиш, оилавий аҳволини мунтазам ўрганиб бориш, эҳтиёжманд ходимларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш, улар билан “ходимбай” ишлаш амалиётини кенг йўлга қўйишда самара бериши айтиб ўтилди.
Учрашувда йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан жорий йилнинг 4 ойи давомида содир этилган айрим салбий ҳолатлар муҳокама этилиб, масъул раҳбарлар ва шаҳар туман ички ишлар органлари бошлиқларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарларига тарбиявий ишларни янада кучайтириш, ходимларнинг оилавий шароитларини ва муаммоларини мунтазам ўрганиб бориш, аниқланган ҳар қандай ҳолатни шахсан биринчи раҳбар даражасида кўриб чиқишни йўлга қўйиш юзасидан топшириқлар берилди.
Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари ёки турли ижтимоий тармоқларда учраб турган ҳолатларга эътибор қаратилиб, фуқаролар билан мулоқот жараёнида ҳар бир ходим Қонун талаблари асосида ишлаши зарурлиги, фуқаролар билан хушмуомалада бўлиши, қўполлик қилмаслиги, энг асосийси қонун устиворлигини таъминлаш ҳар бир ходимнинг биринчи галдаги вазифаси эканлиги таъкидланди.
Сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси ИИВ масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрель куни «Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ5050-сонли қарори талаблари асосида “Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси” ишлаб чиқилганлиги ва шу асосда ходимлар билан маънавий-маърифий ишлар амалга оширилиши лозимлигини тушунтириб, амалга оширилаётган барча чора-тадбирлар аввало фуқароларимизнинг тинчлиги ва осойишталаги ҳамда фаровонлигини таъминлаш, энг асосийси ходимлар онгида “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш” ғоясини сингдириш зарурлигини уқтириб ўтдилар.
Йиғилиш якунида бошқарма бошлиғи Ички ишлар вазирлиги масъуллари иштирокида хизмат фаолияти жараёнида ижобий ютуқларга эришган бир гуруҳ ходимларни Фахрий ёрлиқ ва пул мукофотлари билан тақдирлади.