Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилояти 3-секторига қарашли ҳудудларда ғалладан бўшаган ер майдонлари экин экиб даромад олиш учун аҳолига ажратиб берилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 8 июндаги видеоселлектор йиғилишида берган топшириғи асосида ғалладан бўшайдиган майдонларда экспортбоп ва бозорбоп маҳсулотлар етиштиришни ташкил қилиш ва шу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича Бухоро вилояти 3-секторига қарашли ҳудудларда ҳам тизимли ишлар режалаштирилди.
Унга мувофиқ, ғалла ҳосилидан ва эртанги экинлардан бўшайдиган майдонларнинг 13,3 минг гектарига такрорий экинларни экиш мўлжалланиб, такрорий экинлардан бўшаган майдонларнинг 4,5 минг гектари “Ёшлар”, “Аёллар” ва “Темир” дафтарларидаги аҳоли ҳамда ишсиз фуқароларга ажратиб берилади.
Натижада 18 мингдан зиёд фуқаро иш билан таъминланади ва даромадига даромад қўшилиб уларнинг бандлиги таъминланади.
Шу мақсадда бугун, Бухоро вилоятининг Шофиркон туманига борган вилоят 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев томонидан, туман сектор раҳбарлари ва бошқа мутасаддилар иштирокида туманнинг “Жўйработ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Шахриёр-Шахзод обод даласи” фермер хўжалигининг ғалладан бўшаган ер майдонларидан, ушбу маҳалладан “Ёшлар”, “Аёллар” ҳамда “Темир” дафтарларга киритилган, шунингдек бандлиги таъминланмаган 20 нафар ишсиз аҳолининг ҳар бирига 25 сотихдан экин ерлари ажратиб берилди.
Экин ер майдонига эга бўлган фуқаролар келишган ҳолда бир хил маҳсулот яъни парранда боқувчилар учун тариқ етиштиради. Ер майдонини экин экиш ишларига тайёрлашга ҳудуддаги фермерларнинг ўзлари бош-қош бўлиб, аҳолига уруғ етказиб бериш, техника билан таъминлаш ва етиштирилган маҳсулотларни сотишга ҳам кўмаклашади.
Бу каби тадбирлар вилоят 3-секторига қарашли Ғиждувон, Шофиркон ҳамда Вобкент туманларида, шунингдек, вилоятнинг барча шаҳар ва туманлари 3-секторларига қарашли маҳаллаларида изчиллик билан амалга оширилмоқда.