Вилоят 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Алиев, Шофиркон тумани “Дўрмон” маҳалласида “Темир дафтар”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига киритилган фуқаролар билан учрашди.
Жорий йилнинг 19 февраль куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев, вилоят 3-секторига қарашли Шофиркон туманининг “Дўрмон” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Шоҳруҳ” тўйхонасида, туман ҳокими ва сектор раҳбарлари, вилоят ҳамда туман мутасадди идоралар вакиллари иштирокида ҳудуддаги 100 га яқин “Темир дафтар”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига киритилган фуқаролар билан юзма-юз учрашиб, уларнинг муаммоларини ўргандилар.
Бўлиб ўтган учрашувда 2 нафар “Темир дафтар”, 27 нафар “Аёллар дафтари” ва 31 нафар “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролардан иш билан таъминлаш, кредит олиш, иссиқхона қуриш, моддий ёрдам кўрсатиш, уй-жойини таъмирлаш ва соғлигини тиклашга оид турли мазмундаги мурожаатлар қабул қилинди.
Мурожаатларнинг барчаси тегишли мутасаддилар иштирокида бирма-бир кўриб чиқилиб, уларни ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга аниқ ва манзилли кўрсатмалар берилди.
Вилоят 3-сектори раҳбари “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб, паррандачилик, асаларичилик, иссиқхона қуриш, тикувчилик ва тадбиркорликнинг бошқа йўналишлари билан шуғулланиш истагини билдирган фуқароларга имтиёзли кредит маблағларини ажратиш бўйича банк мутасаддиларига топшириқлар берди.
Кам таъминланган ва ижтимоий кўмакка муҳтож “Ёшлар дафтари” га кирган ишсиз ёшлардан 10 нафарининг ҳар бирига шу ҳудуддаги фермер хўжалигининг унумдор ва сувга қулай ер майдонларидан 10 сотихдан ер ажратилиши, уларнинг бу ер майдонларида полиз ва сабзавот маҳсулотлари экиб етиштиришлари учун барча шарт-шароитлар яратиб бериш бўйича туман ҳокимига алоҳида топшириқ берилди.
Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, қабулга келган фуқароларнинг барчаси ўз мурожаатлари бўйича қониқарли жавоб олдилар.