27 Июл 2021 йил 476

Вилоят 3-секторига қарашли Шофиркон туманининг бир қатор маҳаллаларида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев томонидан жойига чиқиб ўрганилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5048-сон қарори асосида айни вақтда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг кўламли ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.

Айни кунда, Шофиркон туманининг Зарчабек маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “А.Навоий” ҳамда “Қалмақон” кўчаларида жойлашган 22 та кўп қаватли уйлар атрофини обод ва кўркам гўшага айлантириш, аҳоли муаммоларини баратаф этиш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу кўп қаватли уйлар ва уларнинг атрофини ортиқча тўпланиб қолган чиқиндилар ва ноқонуний қурилишлардан тозалаш, бинолар фасадини бўяш, кўп қаватли уйлар атрофига ҳар хил манзарали кўчат ва дарахтлар экиб кўкаламзорлаштириш, гулзорларни тартибга келтириш, уйлар оралиғидаги йўлаклар ва уларнинг атрофларида бетонлаш ишларини амалга ошириш, болалар майдончалари ва бошқа умумфойдаланишдаги биноларни таъмирлаш, кўча ва йўлакларни ёритиш ҳамда видеокузатув мосламалари билан жиҳозлаш борасида манзилли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 27 июль куни ушбу манзилга Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи полковник Шухрат Алиев, туман сектор раҳбарлари ва тегишли мутасадди ташкилот раҳбарлари билан биргаликда ташриф буюриб, кўп қаватли уйлар атрофида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини яқиндан ўргандилар.

Кўздан кечириш жараёнида аҳолини қийнаб келаётган ижтимоий масалалар ва муаммоларни эшитиб, аниқланган масалалар ва қўшимча бажарилиши лозим бўлган ишлар юзасидан сектор раҳбарлари ва мутасадди идора вакилларига тегишли кўрсатмалар бердилар.

Шундан сўнг, масъуллар худди шу каби кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилаётган туманнинг Читкарон маҳалласига ҳам бориб, бу ерда туман прокурори раҳбарлиги ташкил этилган ишчи штаб фаолияти ҳамда маҳалладан олиб борилаётган ишлар билан ҳам яқиндан танишдилар.

Шофиркон туманининг ушбу маҳаллаларида олиб борилаётган кенг кўламли ободонлаштириш ишларини туманнинг қолган барча маҳаллаларида режали давом эттириш, аҳолининг ижтимоий муаммоларини маҳаллалар кесимида шу ернинг ўзида ҳал этиш, фуқаролар мурожаатлари билан манзилли ишлаш борасида сектор раҳбарлари, тегишли мутасадди идоралар масъул раҳбарларига аниқ ва манзилли кўрсатма ва топшириқлар бериб, ижроси бошқарма бошлиғининг алоҳида назоратига олинди.

 

Text to speech