21 Июн 2022 йил 691

Вилоят 3-сектор раҳбари Ғиждувон тумани маҳаллаларининг мутасаддилари билан очиқ мулоқот ўтказди

Бугун, 21 июнь куни вилоят 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, маҳаллаларда мавжуд, бугунги кунда ўз ечимини кутаётган муаммолар, аҳолини қийнаб келаётган ижтимоий масалаларни ҳал этиш мақсадида секторга қарашли Ғиждувон туманининг 75 та маҳалла раислари, хотин-қизлар фаоли, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, профилактика инспекторлари билан юзма-юз мулоқот ўтказди.

Очиқ мулоқот вилоят 3-сектор ишчи гуруҳи, туман ҳокими ва сектор раҳбарлари, вилоят ва туман мутасадди идоралар масъуллари иштирокида бўлиб ўтди.

Жараёнда маҳалла мутасаддилари томонидан билдирилган 300 дан ортиқ турли ижтимоий-иқтисодий масалалар, ижтимоий кўмакка муҳтож аҳоли қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доир муаммолар бирма-бир кўриб чиқилиб, кўтарилган ҳар бир масала ва ижтимоий муаммолар маҳалла, сектор, туман, вилоят ва республика миқёсида ҳал этилишига қараб тоифаларга ажратилди.

Ўрганиш учун юритувга олинган масалалар юзасидан чора тадбирлар белгиланиб, ҳар бир муаммони бартараф этиш бўйича масъул идораларга манзилли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Учрашувда сектор раҳбари маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори маҳалладаги асосий ислоҳотчилар эканлигини таъкидлаб, уларни маҳаллаларни ободонлаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш, ёшларни касбга ўргатиб ва ишга жойлаштиришда янада фаоллашишга чақирди.

Очиқ мулоқотда маҳалла масъуллари ўз ҳудудидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича сектор раҳбарига таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Бунда, шахсан сектор раҳбари билан ҳамкорликда иш олиб бориш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш, шу орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, хусусан, “маҳаллабай” тизим асосида аҳоли билан ҳар куни ишлаб, давлат томонидан яратиб берилган кенг имкониятлардан фойдаланган ҳолда кам даромадли оилаларни тадбиркорликка ўргатиш орқали уларни камбағалликдан чиқариш каби масалалар муҳокама қилинди.

 

Text to speech