Вояга етмаган қизларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда
Бухоро вилояти ИИБ ҲПБ Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим ходимлари томонидан қаровсиз ва назоратсиз қолганлиги, тарбиясидаги салбий ўзгаришлар туфайли вилоят ИИБга қарашли Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган вояга етмаган қиз болалар билан доимий равишда профилактик суҳбатлар ўтказиб келинмоқда.
Навбатдаги учрашувда бугунги кунда Марказда сақланаётган 4 нафар қиз болаларнинг ижтимоий муаммолари, оилавий аҳволи ва бошқа масалалалари ўрганилди.
Суҳбат давомида қиз болалардан 2 нафарининг спортга бўлган қизиқиши сабаб улар Бухоро шаҳридаги Олимпия заҳиралари коллежида ўқиш истаги борлигини билдирди. Шунингдек, қолган икки нафарининг оилавий аҳволи инобатга олиниб, махсус ихтисослаштирилган таълим муассасасига жойлаштириш белгиланди.
Таъкидлаш лозим, бу қизларнинг тақдири уларнинг айби билан бу ҳолга келиб қолган эмас, аччиқ тақдир синовлари, ота-оналарнинг ўйламай босган қадамлари, оилавий носоғлом муҳит ва ёш фарзанднинг нормал ўсишига салбий таъсир кўрсатувчи бошқа сабабларга кўра шундай вазиятга тушиб қолишган.
Юртимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсатининг туб замирида ҳам айнан ана шундай ижтимоий муаммоли ёшларни тўғри йўлга бошлаш, улар учун муносиб шарт-шароитларни яратиб бериш ётибди.